Россия: диний карикатураларни чоп қилганлик учун жазоланади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россиянинг алоқа, ахборот технологиялар ва оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш федерал хизмати диний карикатураларни чоп этишга қарши илк бор огоҳлантириш берган.

Роскомнадзорнинг бундай огоҳлантириши Charlie Hebdo журналининг муқовасини чоп этган қозоғистонликлар аудиториясига мўлжалланган "Республика" ахборот-таҳлилий порталига нисбатан берилган.

Назорат қўмитаси вакили Вадим Ампелонскийга кўра, бу каби суратлар ирқий, миллий, ижтимоий ва диний низоларни қўзғатади, деб қаралади. Шу боисдан нашрга расмий огоҳлантириш маълум қилинган.

Бундай ҳолат такрорланган шароитда, маҳкама орқали ахборот воситасининг лизенцияси олиб қўйилиши мумкин.

Айни пайтда нашрнинг муҳаррири Ирина Петрушова "Фейсбук" да бундай огоҳлантириш олинмаганини ва Роскомнадзорнинг тезкорлигидан таажубини баён қилади.

"16 январда бундай тушунтириш чиқяпти ва 19 да бизга нисбатан бериляпти, бу жуда ғалати",- дейди у.

"Республика" портали қарашли бўлган "Медиа-Консалт" ширкати бошлиғи Александр Петрушов ҳам раҳбарият бундай огоҳлантиришдан ҳайратда эканини билдиради.

Январ ойи бошида Франциянинг Charlie Hebdo журналига ҳужумдан сўнг Роскомнадзор Россиянинг оммавий ахборот воситаларидан диний туйғуларга дахл қиладиган карикатуралар ва бошқа материалларни босишдан сақланишга чақирганди.

"Бундай мазмундаги материаллар бир жойда яшаб келаётган турли дин ва миллат вакилларининг маънавий-ахлоқий меъёрларига зиддир" дейилади ташкилотнинг видеохабарида.

Роскомнадзор шу ўринда 2006 йилда бутун дунёда оммавий норозиликларни келтириб чиқарган "Jyllands-Posten" газетасининг Муҳаммад Пайғамбар карикатурасини кўчириб босган "Русский Newsweek" журналига огоҳлантириш берилганини эслатиб ўтган. "Русский Newsweek" журнали 2010 йил ёпилган эди.

"Charlie Hebdo" даги карикатуралар қатор мусулмон давлатларида оммавий намойишларга сабаб бўлди.

Жумладан, 19 январ куни Чеченистонда ҳам кўп минг кишилик норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ