'Оврўпони сиёсий зилзила кутмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи v

Би-би-сининг "Демократия куни" доирасида Би-би-си буюртмаси асосида Economist Intelligence Unit ўтказган тадқиқот хулосаларига кўра, 2015 йилда Оврўпони "сиёсий зилзилалар" кутмоқда.

20 январ куни Би-би-си "Демократия куни"ни нишонлашга қарор қилди, бунда демократиянинг ўтмиши, бугуни ва келажагига назар ташлашга ҳаракат қиламиз.

Шу муносабат билан Би-би-си Лондонда жойлашган Economist Intelligence Unit тадқиқот марказига буюртма берди, унда Оврўподаги демократия аҳволи таҳлил қилинган.

Ушбу тадқиқот хулосаларига кўра, 2015 йилда Оврўпони "сиёсий зилзилалар" кутмоқда.

Бу бутун Оврўпода популист партиялар таъсири ортиб бораётгани билан боғлиқ.

Ушбу ҳолат Оврўпо мамлакатларидаги асосий партияларни шу пайтгача тасаввур қилиш ҳам мумкин бўлмаган иттифоқлар тузишга мажбур қилади.

Economist Intelligence Unit тадқиқотида айтилишича, ўз мамлакатларидаги муҳожирликка қарши кампаниялар ташкил қилаётган, Оврўпо Иттифоқига аъзо мамлакатлар ҳукуматларининг бюджетни қисқартириш амалларига қарши чиқаётган популист партияларнинг омма кўзи ўнгидаги обрўлари ортиб кетган, асосий партияларга аъзо бўлишни истаётган одамлар камайиб кетгани енгил обрў орттиришга интиладиган партия ва ҳаракатлар учун йўл очган.

Бундай партия ва ҳаракатлар қаторида ҳам сўл қанот ва ҳам ўнг қанот ва ҳам йўналишини аниқлаб олмаган ёки мақсади шубҳали сиёсатга интилувчилар ҳам бор.

Economist Intelligence Unit ўрганишида маълум бўлишича, Оврўпода сайловчиларнинг овоз беришга иштиёқлари пасайиб кетгани ҳам кузатилган, сайловдаги иштирокчилар сони камайгани кузатилмоқда.

Оврўпо демократияси учун бу йилги илк синов Юнонистондаги 25 январга мўлжалланган парламент сайлови бўлади.

"Агар Юнонистондаги радикал сўл қанот СИРИЗА партияси сайловда ғалаба қозониб, ҳукуматни тузишга муваффақ бўлса, бу бутун оврўпо Иттифоқи учун ларза бўлади", дейди Economist Intelligence Unit.

Британияда ҳам май ойига парламент сайлови мўлжалланган, қудратдаги асосий партиялар - Консерваторлар ва Лейбористларга тегишли бўлган ўринларни UKIP мустақил партияси "тортиб олаётгани" кузатилмоқда.

Бу сайлов ҳам Британияга сиёсий беқарорликни олиб келиши мумкин.

"Бу ерда асосий савол шуки, эртанги куннни башорат қилиш имконсиз бўлган ушбу ҳолат Оврўпо демократияси таҳдид остида эканлигини кўрсатадими ёки демократия кўнгилдагидек ишлаётганиними?", дея савол қўяди Би-би-си Дунё масалалари бўйича мухбири Майк Вулдриж.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ