"Ғарб Путинни ағдаришни кўзлаяпти"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Ғарб Украинадаги можаро томонлари орқали Путинни халқаро сиёсатда яккалаб, уни ағдармоқчи".

Россия Президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг билдиришича, Украина инқирози манзарасида Ғарб давлатлари Россияни иқтисодий сиқувга олиш ва шу тариқа Путинни қудратдан кетказиш тарафдори.

"Ғарб Украинадаги можаро томонлари орқали Путинни халқаро сиёсатда яккалаб, Россияни иқтисодий бўғишни кўзлаяпти, Путинни ағдаришга эришмоқчи, шу билан бирга ундан қўшни мамлакатдаги инқирозни ҳал қилишни ҳам талаб қиляпти", дейди Песков мухбирларга.

Москвадаги Америка Савдо палатаси аъзолари қаршисида чиққан АҚШ элчиси Жон Теффнинг сўзларига қараганда, Қўшма Штатларнинг ҳаракати санкциялар киритиш орқали Россия ҳукуматини Украинага нисбатан тутган мавқеини ўзгартиришдир, холос.

"Россиянинг Украинага нисбатан ноқонуний бузғунчилик ҳаракатига қатъий жавоб бизнинг баъзи манфаатларимиз учун қимматга тушса ҳам, уни беришимиз лозим. Биз Россия ҳукуматида алмашишни эмас, унинг сиёсатида ўзгариш қилишни хоҳлаймиз", деган сўзларни айтган жаноб Тефф.

Таҳлилчи Михаил Глобачёвга кўра, Путинни ағдариш Ғарбни қизиқтирмайди, мақсад уни халқаро меъёрлар доирасида ўзини тутишга ўргатиш.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Унинг фикрича, Россия Президенти Украина шарқидаги бўлгинчиларни дастаклашда давом этар экан, Ғарб билан муносабатлар ёмонлашиб бораверади, лекин АҚШ ва ОИ Россиянинг парчаланишини хоҳламайди, "улар бу масалада жуда ҳушёрдирлар".

"Ниқоблар ечилди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Украина инқирозисиз, Қримсиз ҳам Ғарб Россия билан муносабатларни мураккаблаштириш ва бузиш учун баҳона албатта топган бўларди".

Песковга кўра, Украинадаги воқеалар "халқаро дипломатиянинг ва муносабатларнинг кўп ниқобларини ечиб ташлади".

Кремл сўзчиси Путиннинг катта еттилик саммитига таклифни кутмаётгани ва бу йиғилишнинг тузилиши ҳам аслида савол уйғотишини қайд этди.

Олмония канцлери Ангела Меркел Еттилик йиғилишида Путиннинг иштироки кўрилмаётганини айтганди.

"Украина инқирозисиз, Қримсиз ҳам Ғарб Россия билан муносабатларни мураккаблаштириш ва бузиш учун баҳона албатта топган бўларди", деб ҳисоблайди Песков.

Олдинроқ АҚШ Президенти Барак Обама Конгрессга йиллик мурожаатида Оқ Уйнинг ташқи сиёсатда ютуқларини таъкидлаб, Қрим аннексияси ва бўлгинчиларни қувватлагани туфайли Россиянинг изоляцияда қолганини мисол келтирганди.

"Биз катта давлатлар кичикларни қўрқита олмаслиги фикрида собитмиз, биз Россия агрессиясига қарши турамиз, Украина демократияси ва НАТО аъзоларини қувватлаймиз", дейди жаноб Обама ўз чиқишида.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам АҚШ ва Ғарбни Россияни яккалаб қўйишга уринишда айблади ва Россия ҳеч қачон синмаслигини таъкидлади.

Шу билан бирга, жаноб Лавров Украинадаги можароларни ҳал қилиш учун Россия қўлидан келган имкониятларни ишга солишини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Донецк оғир артиллерия ўқи остида қолган.

Охирги икки кунда Донецкда жанглар кучайган. Украина армияси ва бўлгинчилар бир-бирларини ўт отмаслик келишувини бузишда айблайдилар.

Украина шарқида ўтган йилнинг апрелидан буён тинч фуқаролар дохил 400 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Оврўпо Иттифоқи аъзолари Украинадаги вазият ўзгармас экан, Россияга нисбатан санкциялар ўз кучида қолавериши эслатдилар.

Бундан илгари ОИнинг Россияга қарши санкциялар енгиллаштирилиши мумкинлиги хабарлари ортидан, Британия, Полша ва Болтиқ бўйи давлатлари вакиллари талаби билан санкцияларни юмшатиш масаласи кун тартибидан олинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002