Донецкдаги бекатда камида етти инсон ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина шарқидаги Донецк шаҳри жамоат транспорти бекатига снаряд келиб тушгани оқибатида камида етти инсон ҳалок бўлган.

Бу ҳақда россияпараст бўлгинчи расмийлар хабар берганлар.

Россия телеканаллари ва ахборот агентликлари хабар қилишича, снаряд Донецк шаҳридаги троллейбус йўналишининг охирги бекатига келиб тушган.

Дастлаб 13 инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Донецк маҳаллий расмийларига кўра, етти инсон ҳалок бўлган, ўнлаб инсонлар жароҳатланган.

Бундан бир неча кун олдин Донецкка яқин Волноваха аҳоли масканида автобус нишонга олингани оқибатида 13 инсон ҳалок бўлган, 13 киши яраланган эди.

Би-би-си Украин хизмати манбаси хабар қилишича, снаряд автобус бекати ёнида жойлашган дўконнинг томига келиб тушган.

Портлаш гувоҳлари снаряд қайси тарафдан учиб келганини аниқ айта олмасликларини билдиришган.

Айни пайтда Донецк шаҳри аэропорти устидан назоратни қўлга киритиш мақсадида Украина армияси ва россияпараст бўлгинчи исёнчилар ўртасида қаттиқ жанглар бораётгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Икки душман тараф бир-бирига қарама-қарши хабарларни тарқатмоқдалар.

Украина Мудофаа вазирлиги аэропортнинг бир қисми ҳамон ўз назоратларида эканини айтган.

Олдинроқ 20 аскар Донецк аэропорти асосий биносидаги ўз мавқеларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар.

Олти аскар ҳалок бўлган, 16 нафари яраланган.

"Киевпараст кучларнинг асосий терминални қўлдан бой беришлари катта зарбадир", дейди Би-би-сининг Киевдаги мухбири Дэвид Штерн.

Украина расмийларига кўра, Украина шарқида 9000 дан зиёд Россия ҳарбийлари жангларда қатнашмоқда, ушбу иддаоларни Москва рад этади.

2014 йил мартида Россия Қрим ярим оролини аннексия қилиб олгани ортидан Украинанинг Луганск ва Донецк вилоятидаги россияпарастлар ўзларининг Украинадан мустақил эканликлари, ўзларининг "халқ республика"ларини барпо этганлари ҳақида эълон қилдилар.

2014 йил апрелидан буён қуролли тўқнашувларда 4800 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 1 миллион 200 минг атрофида аҳоли ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ