Украиналик исёнчилар "оташкесимга рози бўлмади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Россияпараст бўлгинчилар Донецк вилоятини тўлиқ босиб олгунларига қадар ҳужумни тўхтатмасликларини айтадилар

Украина шарқидаги Россияпараст исёнчилар раҳбарининг айтишича, исёнчилар Киев билан тинчлик музокаралари ўтказишни истамайди.

Александр Захарченкога кўра, исёнчилар жабҳа чизиғини Донецк вилояти чегерасига қадар етказишни мақсад қилган.

Улар ҳозирда Донецк шаҳри устидан назоратни қўлга киритганлар.

"Биз бундан буён жангларни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказишга уринмаймиз," - деди Захарченко РИА Новости ахборот агентлигига.

Украина, Россия, Франса ва Олмония жангларни тўхтатиш ҳақида баёнот чиқарган.

Бир неча ҳафта давом этган қақшатқич жанглар ортидан Украина ҳукумати кучлари пайшанба куни Донецк аэропорти асосий терминалини ташлаб чиқишди.

Украина ҳукумат кучлари ҳалиям аэропортнинг баъзи нуқталарини назорат қилишаётганини айтади.

Сўнгги тўқнашувларда олти украин аскари ҳалок бўлгани ва яна 16 нафари яралангани хабар қилинган.

Украина ҳукумати ва унинг ғарбдаги иттифоқчиларига кўра, Россия армияси бўлгинчилар билан ёнма-ён туриб Украина армиясига қарши жанг қилмоқда.

Улар, шунингдек, Россияни оғир артиллерия ва танклардан фойдаланаётганликда айблашди.

Кремл эса жангларда исёнчиларга фақат рус "кўнгиллилари" қўшилганини айтади.

"Биз Донецк вилояти чегараларига қадар ҳужум қиламиз. Аммо, агар бошқа йўналишлардан хавфни кўрсам, уларни ҳам зарарсизлантирамиз," - деб айтди жаноб Захарченко. - "Киев биз бирданига уч йўналишда ҳужум қила олишимиз мумкинлигини ҳалиям тушунмаяпти".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ