'Япония гаровдаги шахс қатли видеосини ўрганмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Япония расмийлари айтишларича, "Исломий Давлат" жангариларининг япониялик Харуна Юкавани қатл этганлари даъво қилинган видеонинг ҳақиқийлигини текширмоқдалар.

Видео тасвир эълон қилингани муносабати билан Япония ҳукумати фавқулодда йиғилиш ўтказган.

Мажлис ортидан гапирган Бош вазир Шинзо Абэ видеони "мантиқсиз ва кечириб бўлмас" дея қоралаган.

Жаноб Абэ айтишича, Япония "терроризмга ён бермайди".

20 январ куни "Исломий Давлат" икки япониялик гаровга олинган шахс видеосини эълон қилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жангарилар Харуна Юкава ва Кэнжи Гото учун Япония ҳукуматидан 200 миллион доллар талаб қилишган, агар талаб қилган пулларини 72 соат ичида олмасалар, гаровдагиларни қатл этиш билан таҳдид қилгандилар.

200 миллион доллар Япония ҳукумати "Исломий Давлат"га қарши курашаётган халқаро коалицияга ноҳарбий ёрдам сифатида ваъда қилган маблағдир.

Япония ҳукумати расмийси Йошихиде Суга айтишича, "ўлдирилган япон шахс кўрсатилган видео ғазабланарли ва зўравонликнинг кечириб бўлмас амали"дир.

"Биз бу амални кескин қоралаймиз. Биз қолган шахс Кенжи Готони зудлик билан бирор бир шикаст етказмасдан озод қилишни талаб этамиз", деб айтган япон ҳукумати вакили.

Кенжи Гото таниқли эркин журналист ва ҳужжатли фильм ижодкори.

Хабар қилинишича, Харуна Юкава Сурияга хусусий ҳарбий кўмак кўрсатадиган ширкатни йўлга қўйиш мақсадида борган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ