Украина жанубида камида 15 киши ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украинанинг Қора денгиз соҳилига яқин ҳудудларда ҳукумат қўшинлари билан россияпараст бўлгинчилар ўртасидаги жанглар кучайгани кузатилмоқда.

Денгиз соҳилидаги Украина армияси назоратида ушлаб турган Мариупол шаҳри "Град" ракеталаридан ҳужумга тутилгани оқибатида камида 15 инсон ҳалок бўлган, 46 киши жароҳатланган.

Жароҳатланганлар орасида 12 ёшли қизалоқ ҳам бор.

Мариупол шаҳри полициясидан хабар қилишларича, ракеталар аҳоли истиқомат қиладиган мавзедаги бозорга, одамлар яшайдиган уйга келиб тушган.

Украина ҳарбийлари ҳужумда россияпараст бўлгинчиларни айблаган.

Бўлгинчилар Мариуполни ҳужумга тутганларини рад этганлар.

Би-би-си мухбирининг хабар қилишича, бир уйга ракета келиб тушгани оқибатида бир оиланинг уч аъзоси - ота-она ва қизи ҳалок бўлган.

Би-би-си билан суҳбатда Мариупол яшовчиларидан бири 20 тача ракета портлаганини айтган.

2014 йил мартида Россиянинг Қримни аннексия қилиб олганидан кейин Украина шарқидаги Луганск ва Донецк вилоятлари бўлгинчилари Украинадан мустақил давлатлар тузганларини эълон қилдилар.

Ўтган йил апрелидан бошланган қуролли тўқнашувлар оқибатида 5000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди, 1 миллион 200 минг атрофида аҳоли ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.

Бир неча ҳафта давом этган қақшатқич жанглар ортидан Украина ҳукумати кучлари 22 январ куни Донецк аэропортининг асосий терминалини ташлаб чиқишди.

23 январ куни россияпараст бўлгинчилар раҳбари Александр Захарченконинг айтишича, исёнчилар Киев билан тинчлик музокаралари ўтказишни истамайди.

Александр Захарченкога кўра, исёнчилар жабҳа чизиғини Донецк вилояти чегерасига қадар етказишни мақсад қилган.

Улар ҳозирда Донецк шаҳри устидан назоратни қўлга киритганлар.

"Биз бундан буён жангларни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказишга уринмаймиз," - деди Захарченко РИА Новости ахборот агентлигига.

Украина, Россия, Франса ва Олмония жангларни тўхтатиш ҳақида баёнот чиқарган.

2014 йил сентябрида Беларус пойтахти Минскда оташкесим шартномасига эришилган, бироқ бу битимга ҳеч ҳам тўлиқ амал қилинмаган.

Аҳолисининг сони 500 мингни ташкил этадиган Мариупол стратегик жиҳатдан жуда муҳим шаҳар ҳисобланади. Шаҳар бўлгинчилар назоратидаги ҳудуд билан Россия ўз ҳудудига қўшиб олган Қрим ўртасида жойлашган.

Мариупол учун жанглар ўтган йил августидан буён давом этиб келмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ