Россия Мариуполдаги отишмани муҳокама қилмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Россия Мариуполга ракета ҳужумларини қоралаган БМТ Хавфсизлик Кенгаши мурожаатига вето қўйди.

БМТ сентябр ойида келишилган оташкесим шартларига амал қилиш ва 30 инсоннинг умрига зомин бўлган Мариуполга ракета ҳужумларини текширишга чақиради.

ОХҲТнинг маълумотларига қараганда, нишонлар Донецкдаги россияпараст бўлгинчилар назорати остидаги ҳудуддан туриб амалга оширилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Текширишлар кўрсатишича, "Град" ракеталари Олимпийский кўчасидан 19 км шимолий шарқдан, Октябр қишлоғидан учирилган. "Ураган" ракеталари эса нишонга учраган Олимпийский кўчасидан 15 км шарқдан, Заиченко қишлоғидан туриб мўлжалга олган. Иккала аҳоли маскани ҳам бўлгинчилар қўли остида", дейилади мурожаатда.

АҚШ ва ОИ аниқ мақсадсиз амалга оширилган нишонларни қоралаган ва Россияни айирмачиларни дастаклашни тўхтатишга чақирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ вице президенти Жо Байден Украина Президенти Пётр Порошенко билан телефон орқали мулоқотдан сўнг можароларнинг давом этиши Россияга қимматга тушишидан огоҳлантирди.

Вашингтон Россияни бўлгинчиларни қувватлаш ва уларга қурол-яроғ, хусусан замонавий оғир қуроллар етказиб беришда айблайди. Москва ўз навбатида бу айбловларни рад қилиб келади.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга кўра, ҳужум "янги ҳудудлар ҳақида провакацион иддаолар"ни илгари суради. Олдинроқ, бўлгинчилар раҳбари Александр Захарченко Мариуполга юришни эълон қилган эди.

Мариуполга ракета ҳужуми оқибатида 30 инсон қурбон бўлган, 100 дан ортиқ киши яраланган, қатор биноларга шикаст етказилган. Шаҳардаги гавжум бозорга бир неча ракета келиб тушган.

Бўлгинчиларнинг ўзлари шаҳарни ўққа тутилишига алоқаларини рад этганлар ва ҳодисани "Киевнинг навбатдаги бузғунчилиги" деб атаганлар.

Россия дипломатлари БМТ ҳужжатида фақат бўлгинчилар ҳақида сўз боргани ва Украина ҳукумати ҳақида эсланмаганини билдириб, уни муҳокамасига қарши овоз берганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи president.gov.ua

Президент Порошенко Мариуполда тинч фуқаролар ўлими туфайли Украинада якшанбани мотам куни деб эълон қилди.

Саудияга подшоҳ Абдуллоҳ хотира маросимига борган Украина Президенти Порошенко Мариуполга ҳужум орқасидан тезда ортга қайтган.

Украина Хавфсизлик кенгаши йиғилишида гапирган жаноб Порошенко ҳодисага масъулиятли кўрилган бир неча шахс ушлангани, уларнинг сўроқ қилинаётганини маълум қилди. Ҳодисага боғлиқ тафсилотлар душанба куни ошкор этилиши кутилмоқда.

Украина Ташқи Ишлар вазири Павел Климкин содир этилган ҳодисасига Москва муносабат билдирмаганидан ажабланган. "Москва нега Мариуполдаги террористлар жиноятлари ҳақида сукут сақламоқда? Расмий мурожаат ҳам, таъзия ҳам йўқ", деб ёзади Павел Климкин Твиттерда.

Украина ҳукумати Мариуполдаги вазият борасида БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Оврўпо Иттифоқи ва ОХҲТнинг фавқулодда йиғилиши чақирилишига эришмоқчи.

Охирги хабарларга кўра, Луганскда якшанба куни яна отишма юз берган, икки киши ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ