Юнонлар Оврўпо Иттифоқини чўчитган сайловда овоз бермоқдалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES

25 январ куни Юнонистонда муддатидан олдинги парламент сайловида овоз бериш бошланган.

Бу сайлов натижалари Юнонистонни халқаро қарз берувчилар билан қайта музокарага бошлаши мумкин.

Мамлакатдаги сўл қанот радикалларнинг коалицияси – СИРИЗАнинг дастаклови кучли эканини сайлов арафасида ўтказилган омма фикрини ўрганишлар аниқлади.

СИРИЗА Евро пул бирлиги ҳудудидан чиқиб кетиш билан ҳам таҳдид қилган.

Агар ғалабани қўлга киритадиган бўлсалар, сўл қанот радикаллар бюджетни қисқартириш чораларини бекор қилиш ва Юнонистон ташқи қарзларидан воз кечиб юборилишига эришишни ваъда қилганлар.

Юнонистонда сайлаш ҳуқуқига эга 10 миллион сайловчи рўйхатга олинган, улар парламентнинг 300 аъзосини сайламоқдалар.

Юнонистон 2008 йилдаги глобал иқтисодий инқироздан энг кўп зарар кўрган Оврўпо Иттифоқининг аъзоси бўлди.

Мамлакатга кўрсатиладиган молиявий кўмак эвазига бюджет харажатларини қаттиқ қисқартириш талаб қилинди.

Узоқ музокаралардан кейин Оврўпо Иттифоқи, Халқаро Валюта жамғармаси ва Оврўпо Марказий Банки Юнонистонга қарз беришга рози бўлдилар.

Шу кеча-кундузда Юнонистоннинг ташқи қарзи 240 миллиард Евро атрофида.

Халқаро молиявий инқироз оқибатида мамлакат иқтисоди 25 фоизга торайган.

Меҳнат қилишга яроқли аҳолининг тўртдан бир қисми ишсиз.

Бундай шароитда СИРИЗА коалициясининг дастакловчилари кўпайган.

Ушбу сайловда Алексис Ципрас етакчилигидаги СИРИЗА ва Бош вазир Антонис Самараснинг ўнг қанот “Янги Демократия” партиияси энг кўп овозларни қўлга киритишлари, учинчи ва тўртинчи ўринларни эса Потами ва “Олтин Тонг” партиялари эгаллаши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар билдирилмоқда.

Бош вазир Антонис Самарас айтишича, сўнгги йилларда иқтисодни соғломлаштириш мақсадида кўрилган чоралар ўзининг илк натижаларини бермоқда, иқтисодиёт ўнглана бошлаган.

Агар бирор бир партия мутлақ кўп овозни қўлга киритмаса, сиёсатчилар коалиция ташкил этиш юзасидан музокараларга киришишларига тўғри келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ