“Исломий давлат” қотиллиги юзасидан АҚШ Японияга таъзия изҳор қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ Президенти Барак Обама Япония Бош вазири Шинзо Абэга қўнғироқ қилиб, гаровда ушлаб турган японияликни 'Исломий Давлат' қатл этгани юзасидан таъзия билдирган.

Жаноб Обама сўзларига кўра, АҚШ Япония билан 'елкама-елкадир'.

Президент Обама ўзларининг 'Япония халқи билан бирдам'лигини билдирган.

Япония Бош вазири Шинзо Абэ айтишича, 'ИД' Харуна Юкавани қатл қилганини иддао қилган видео ҳақиқий эканини тан олган.

Япония телеканаллари жаноб Абэнинг баёнотини намойиш этган, унда у гаровдаги шахс ўлдирилишини қоралаган.

'Бундай терроризм амали ғазабланарли ва кечириб бўлмасдир. Мен буни буткул қоралайман', деб айтган бош вазир.

Жаноб Абэ гаровда ушлаб турилган иккинчи япониялик эркин журналист Кенжи Готони дарҳол қўйиб юборишни талаб қилган.

20 январ куни 'Исломий Давлат' номидан видео эълон қилинган, норинж рангдаги кийим кийган икки япониялик тиз чўкиб тургани акс этган видеода Япония ҳукуматидан 72 соат ичида 200 миллион гаров пули тўлаш талаб қилинган, акс ҳолда гаровдагилар ўлдирилиши айтилган.

24 январ куни эса Кинжи Готонинг қўлида сурат ушлаб турган видеоси эълон қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу суратда афтидан Харуна Юкаванинг жонсиз жасади акс этган.

Унда Кинжи Гото исломий жангариларнинг янги талабини илгари сурган.

'Исломий Давлат' жангарилари иккинчи япон фуқаросини озод қилиш эвазига Иорданиядаги қамоқхонада сақланаётган Сожида ар-Ришави исмли аёлни қўйиб юборишни талаб қилганлар.

Сожида ар-Ришави 2005 йилдаги Уммондаги портлашда айбланган ва ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Мухбирларнинг ёзишича, 'Исломий Давлат'нинг энг сўнгги талаби илгари сурилган видео борасида айрим саволлар ҳам юзага келган, бу саволлардан энг биринчиси, ўзи бу видео чиндан ҳам 'Исломий Давлат' видеосими, деган саволдир.

Бундан олдинги видеолардан фарқли ўлароқ, охиргисида 'Исломий Давлат'нинг рамзи экранда кўринмайди.

Олдинги видеоларда ҳақиқий видеокадрлар бўлган бўлса, охиргисида бир сурат намойиш этиб турилади, остидан аудио мурожаат ёзилган.

42 ёшли Харуна Юкава ўтган йили августида Суриядаги жангарилар томонидан гаровга олинган эди.

У ўз оиласи ва дўстларига ушбу ҳудуддаги Япония ширкатларига хавфсизликни таъминлашни истаётгани ҳақида айтган.

47 ёшли Кинжи Гото таниқли эркин журналист ва ҳужжатли фильм ижодкори.

Хабарларга кўра, у октябр ойида Сурияга Харуна Юкавани озод қилишга ёрдамлашиш учун борган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ