Освенцим тутқунлар жамлоғи озод этилганининг 70 йиллиги нишонланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Нацистлар Олмониясининг тутқунлар концентрация жамлоғи Қизил Армия томонидан озод қилинганига 70 йил тўлган.

1945 йил 27 январида Совет армияси Польша жанубида жойлашган Освенцим ўлим жамлоғида сақланган инсонларни тутқунликдан озод этган эди.

Бугун Освенцим жамлоғининг тирик қолган 300 тача собиқ тутқуни 70 йиллик хотира маросимларида иштирок этишлари кутилмоқда.

Бу Освенцим азобларини бошидан ўтказган қурбонларнинг кўп сонда охирги марта қатнашишлари бўлиши мумкин.

Нацистлар Олмонияси қатор ўлим жамлоқларини ташкил қилишган, шулардан энг даҳшатлиси Освенцим бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бу жамлоқда 1940 йилдан 1945 йилгача 1 миллион 100 мингтача инсон ўлдирилган деб кўрилади.

Уларнинг аксари яҳудийлар бўлганлар.

Освенцимдаги 70 йиллик маросимида қурбонлар хотирасига гулчамбарлар қўйиш, насроний черковида ибодат ва шамлар ёқиш мўлжалланган.

Маросимларда Иккинчи Жаҳон урушида иттифоқчи бўлган мамлакатларнинг раҳбарлари ва расмий ҳайъатлари вакиллари иштирок этиши хабар қилинган.

Кремль расмийларининг хабар қилишларича, Россия Президенти Владимир Путин Освенцим озод этилганининг 70 йиллик маросимларида қатнашмайди.

Россия ҳайъатига президент маъмурияти раҳбари Сергей Иванов раҳбарлик қилиши маълум қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer