Афғонистон Ғазнисида полициячилар ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCPashto.com

Афғонистон расмийлари хабар қилишича, Ғазни вилоятининг Андар туманидаги текшириш нуқтасига ҳужумда камида 11 полициячи ўлдирилган, олти нафари жароҳатланган.

Оммавий ахборот воситаларининг Ғазни вилояти ҳокими ўринбосари Муҳаммад Али Аҳмадийга таяниб хабар тарқатишларича, ҳужум 28 январдан 29 январга ўтар кечаси уюштирилган.

Ҳоким ўринбосари сўзларига кўра, етти Толибон жангариси ўлдирилган.

Афғонистон шимолидаги Лағмон вилояти расмийларига кўра, Толибон Миҳтарлом туманидаги йўлда ўрнатган бомба портлаши оқибатида тўрт инсон ҳалок бўлган.

Ушбу ҳужумлар НАТО етакчилигидаги қўшинлар ўтган йили декабрида Афғонистонни тарк этгани ортидан кузатилмоқда.

13 йиллик жанговор амалиётлардан кейин халқаро қўшинлар 2014 йил охирида Афғонистондан чиқиб кетишга қарор қилди.

Декабр ойи охирида пойтахт Кобулда НАТО ўз ваколатхонаси ёпилиши маросимини ўтказди.

2015 йил 1 январидан Афғонистонга халқаро хавфсизлик кўмаги кучлари ISAFнинг номи НАТОнинг ҳарбий-ўқув ва дастаклов миссияси деб ўзгартирилди.

Айни пайтда Афғонистон парламенти Президент Ашраф Ғани ҳукумат таркибига таклиф этган мубоҳасали номзодларни тасдиқлаш ёки рад этиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ