Ҳиндистон полиция идорасида ўнлаб инсон жасади қолдиқлари топилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rohit Ghosh

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатидаги полиция идорасининг фойдаланилмай ётган бир хонасида ўнлаб скелетлар ва чириб ётган инсон жасадлари қолдиқлари топилган.

Уттар-Прадеш штатининг Уннао тумани маркази бўлган Уннао шаҳарчасидаги полиция идораси ходимлари хоналардан бирида кўплаб қопларни топиб олганлар. Полиция скелетлар ва жасадлар қолдиқлари нега қопларга солиниб қўйиб қўйилгани сабабини тушунтириб беролмаган, бироқ бу хона 2008 йилгача полиция морги сифатида фойдаланилганини айтганлар. Расмийлар инсонлар жасадлари қолдиқлари бўйича ДНК текширувларини ўтказишга ва нега жасадлар дафн этилмагани ёхуд ёқиб юборилмагани сабабини аниқлашга ваъда берганлар. Уннао полиция идораси раҳбари Махендра Пал Сингхнинг The Times of India рўзномасига айтишича, полиция идорасининг ҳужжатларида 100 жасад қайд этилган. Бу жасадлар полиция идорасига тергов иши доирасида келтирилган бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK

Таҳлилчилар фикрича, афтидан бу ерда ўлим сабабини аниқлаш мақсадида ўтказилган жасадларни ёриб кўрилганидан кейинги тартиб-қоидани бузиш ҳақида сўз кетмоқда. Аутопсия жараёнидан кейин жасад қолдиқларини йўқ қилиш кўзда тутилган, лекин кўринишича, Уннао полициячилари зиммаларидаги бу вазифани бажариш ўрнига жасадларни қопларга солиб, хонанинг бир бурчагига йиғиб қўяверганлар. Айни пайтда Уннао расмийлари Ганга дарёсида охирги пайтларда тутилган 100 дан ортиқ инсон жасадлари бўйича ҳам текшириш ишларини давом эттирмоқдалар. Афтидан, бу жасадлар қашшоқ оилалар вакиллариники.

Ҳиндистонда вафот этганидан кейин инсон жасади ёқиб юборилади.

Вафот этган қариндоши жасадини ёқиш учун маълум миқдорда маблағ талаб қилинади.

Аммо айрим оилалар шу даражада қашшоқки, қариндоши жасадини ёқиш учун етарли маблағга ҳам эга эмаслар.

Шу боис бундай оилалар ўлган яқинининг жасадини тунда яширинча дарёга оқизиб юбораяптилар, деб тахмин қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002