Сребреницадаги қатлиом бўйича ҳарбий маҳкама ҳукми ўқилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сребреница ҳамда Сараевода содир этилган жиноятлар Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги энг жиддий ҳарбий жиноятлар ҳисобланади.

БМТнинг Югославия ҳарбий трибунали ҳаками Сребреницадаги қатлиомда айбланган беш киши устидан охирги ҳукмни ўз кучида қолдирган.

2010 йил ҳарбий маҳкама уларни қатлиомда айбдор деб топиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этганди.

Геноцид дохил қатор жиноятларда айбланган собиқ ҳарбийлар ўзларига қўйилган айбловларни рад қилганлар ва 2010 йил маҳкама чиқарган бир умрлик қамоқ жазосига қарши аппеляция топширганлар. Улар 1995 йилда Босния армиясида юқори лавозимларни эгаллаган шахслардир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оврўпода Холокостдан кейинги энг катта ваҳшийлик бўлган Сребреницада уч кун ичида 13 ёшдан 77 ёшгача босниялик 8000 мусулмон эркак ва болалар қатл этилган.

Сребреница ҳамда Сараевода содир этилган жиноятлар Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги энг жиддий ҳарбий жиноятлар ҳисобланади.

Қатлиомда айбланган саноқли кишилар орасида - Вуядин Попович ва Любиш Беара бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Сребреницада уч кун ичида 13 ёшдан 77 ёшгача босниялик 8000 мусулмон эркак ва болалар қатл этилган.

Улар этник келиб чиқиши асосида одамларга қасддан ҳужум қилишда айбланганлар.

Сребреницадаги қатлиом Босния уруши тугашидан бир неча ой олдин содир этилган. 20 мингдан ортиқ мусулмонлар Серб кучлари тажовузидан қочиб чиққан пайтлари қопқонга тушганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Сребреницадаги қатлиом Босния уруши тугашидан бир неча ой олдин содир этилган.

Ваҳшийлик содир этилгани ҳақида хабар чиққач, БМТ тинчликпарвар аскарлари томонидан қўриқланган анклав Босния серблари командири Ратко Младич бошчилигидаги кучлар томонидан қўлга олингани маълум бўлган.

Айбланувчиларнинг баъзилари Младичга бевосита бўйсунганлар.

Айни пайтда Ҳаага маҳкамасида геноцидда айбланган Младич устидан жараёнлар давом этмоқда.

У 1995 йилда Сребреница қишлоғида 8 мингга яқин мусулмон эркак ва болаларни ўлдирганликда гумон қилинади.

Image caption Айбланувчиларнинг баъзилари Младичга бевосита бўйсунганлар.

Прокурорлар Младични, шунингдек, 10 минг одамнинг ўлимига олиб келган Сараево шаҳри қамалини мувофиқлаштирганликда ҳам айблайдилар.

70 ёшли собиқ генерал 16 йил давомида халқаро трибуналдан яшириниб юрганидан сўнг, ўтган йил майида серб махсус хизматлари томонидан қўлга олинган ва Ҳаага трибуналига топширилганди.

Айбланувчилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Попович геноцид, инсониятга қарши жиноят, уруш қонунларини бузишда айбдор деб топилган

Вуядин Попович

Маҳкамадан ўзига қўйилган айбловлар бўйича айбсиз деб тан олинишини сўраган.

Попович геноцид, инсониятга қарши жиноят, уруш қонунларини бузишда айбдор деб топилган ва 2010 йилда умрбод қамоқ ҳукми чиқарилган.

Любиша Беара

Маҳкамадан ўзига қўйилган айбловлар бўйича айбсиз деб тан олинишини сўраган. Беара ҳам геноцид, инсониятга қарши жиноят, уруш қонунларини бузишда айбдор деб топилган ва 2010 йилда умрбод қамоқ ҳукми чиқарилган.

Драго Николич

Маҳкамадан ўзига қўйилган айбловлар бўйича айбсиз деб тан олинишини сўраган. Геноцидни амалга оширишгакўмаклашиш, инсониятга қарши жиноят, уруш қонунларини бузганликда айбдор деб топилган, 35 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Радивое Милетич

Маҳкамадан ўзига қўйилган айбловлар бўйича айбсиз деб тан олинишини сўраган. Инсониятга қарши жиноятда айбдор деб топилган ва 19 йил қамоқ жазоси берилган.

Винко Пандуревич

Маҳкамадан ўзига қўйилган айбловлар бўйича айбсиз деб тан олинишини сўраган. Инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топилган, 13 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

"Маҳкама хатоси"

Серб армиси генерал-лейтенанти Вуядин Попович умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Айбланувчи адвокатлари маҳкамада камчиликларга йўл қўйилгани ва дастлабки айбловда хатолар борлигини айтганлар.

Ундан ташқари ҳимоячилар айбланувчилардан бири бошқаларга нисбатан ёлғон гувоҳлик берганини иддао қилганлар.

Маҳкама ҳимоя томонининг фикрини инкор қилган ва ҳукмни ўз кучида қолдирган. Фақат Радивое Милетичнинг жазо муддати 19 йилдан 18 йилга туширилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002