Синайдаги вазият боис Миср президенти сафарини бекор қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси Эфиопиядаги Африка Иттифоқи саммитидан ватанига қайтишга қарор қилган, бунга Синай ярим оролида камида 26 Миср ҳарбийси ҳалок бўлгани сабаб бўлган.

30 январ куни Эфиопияда Африка Иттифоқига аъзо мамлакатлар раҳбарлари саммити режаланган, Президенти ас-Сиси маъмурияти тарқатган баёнотда айтилишича, Миср раҳбари саммит очилиш маросимидан сўнг Қоҳирага қайтишга қарор қилган.

Миср шимолидаги Синай ярим оролидаги қатор нуқталарга исломий жангарилар ҳужум қилганлари оқибатида камида 26 ҳарбий ҳалок бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни “Исломий Давлат” гуруҳига байъат қилганини эълон этганидан кейин номи “Ансор Байтул Мақдис” деб аталганини маълум қилган гуруҳ ўз зиммасига олган.

Мисрнинг Исроил ва Ғазо бўлгасига чегарадош Синай ярим ороли Миср Президенти Муҳаммад Мурсий қудратдан ағдарилган 2013 йилдан буён зўравонликлар ўчоғига айланган.

Синайда ўтган йили 30 дан ортиқ хавфсизлик ходимлари ўлдирилганидан кейин комендантлик соати жорий қилинган эди.

29 январ куни исломий жангарилар бирданига тўрт жойга ҳужум бошлаганлар.

Вилоят маркази Эл-Ариш шаҳрида полициячилар, ҳарбий база ва ҳарбийлар яшаётган меҳмонхона ракеталардан ҳужумга тутилган.

Ҳарбий база дарвозасида автомобил портлатилган.

Шаҳардаги бир неча текшириш нуқтасига ҳам ҳужумлар уюштирилган.

Тиббиёт мулозимларига кўра, Мисрнинг Ғазо бўлгасидаги Рафаҳ чегара нуқтасига ҳужумда бир зобит отиб ўлдирилган, тўрт аскар яраланган.

Пайшанба кунги ҳужумларда 50 дан ортиқ киши яраланган.

Ҳокимиятдан ағдарилган президент Мурсийнинг “Мусулмон Биродарлар” гуруҳи зўравонликларга алоқаси борлигини рад этган.

Сўнгги зўравонликлар Мисрда 2011 йилги президент Ҳусни Муборак қудратдан ағдарилгани санаси нишонланиши инсонлар ўлимига олиб келган тўқнашувлар ортидан кузатилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, шанба-якшанба кунги тўқнашувларда 30 га яқин инсон ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ