Украина: исёнчилар '100 минг киши'ни сафарбар қилмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Исёнчилар кучлари тобора илгарилаб бормоқда

Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчилар раҳбари Александр Захарченко 100 минг кишилик қўшин тўплаш режасини эълон қилган.

Исёнчилар украин ҳукумат кучларини шарқий Донецк ва Луганск минтақаларидан сиқиб чиқариш ва стратегик аҳамиятга эга Дебальцево шаҳрини забт этишга ҳаракат қилишмоқда.

Ўзини Донецк Халқ Республикаси раҳбари деб эълон қилган жаноб Захарченко сафарбарлик "шошилинч" экани ва 11 кундан сўнг бошланишини айтган.

"Бу биз яна 100 минг кишини оламиз, деган маънога келмайди, аммо Донецк ва Луганск Халқ Респбуликаларининг биргаликдаги қўшинлари сони 100 минг бўлиши керак", деб айтган у.

Аммо исёнчиларнинг бу каби йирик сондаги қўшин тўплаш имконлари қанчалик, маълум эмас.

'Қарши ҳужум'

Захарченкога кўра, янги аскарлар бир ойлик тайёргарликдан ўтказилганидан сўнг камида бешта қўшимча бўлинмалар ташкил этилади: учта мотоўқчи, бир тўпчи ҳамда бир танкчи бригада.

"Бу заҳира бизга ҳар қандай ҳужумни қайтариш ва муваффақиятли бўлгани тақдирда, қарши ҳужум бошлаш кафолатини беради", деб айтган у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Дебальцево аҳолиси уйларини ташлаб чиқмоқда

Дебальцево яқинида бўлган журналист Кристофер Миллернинг Би-би-сига айтишича, исёнчиларнинг 100 минг кишини сафарбар қилишлари "ҳақиқатдан узоқ".

"Исёнчилар раҳбарлари Россиядан кўпроқ кўнгиллиларнинг олиб келиниши учун замин тайёрлаётган бўлишлари эҳтимоли катта", - дейди у.

Украина 9 мингга яқин Россия ҳарбийлари исёнчиларга ёрдам бераётганини айтган, аммо Москва буни рад этади.

Украина ҳукумати ҳам жорий йилда қўшинлар сонини 200 мингга чиқариш режаси билан оммавий сафарбарлик эълон қилган.

Якшанба куни Дебалцевога мудофаани мустаҳкамлаш учун оғир ҳарбий техника йўлланган.

Бўлгинчилар шаҳар четига етиб боргани ҳақидаги хабарлар ортидан юзлаб одамлар уйларидан кўчирилган.

Ўтган дам олиш кунлари шаҳарнинг тўплардан ўққа тутилиши натижасида тинч фуқаролар дохил ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.

Ўт очишни тўхтатиш уринишлари натижасиз тугаган.

Украинадаги жангларда ҳозирга қадар 5 минг ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ