АҚШ Украинага мудофаа қуролларини етказиб бериши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

АҚШ россияпараст бўлгинчиларга қарши жангларда Украина ҳукумат кучларига кўмаклашиш учун қурол етказиб беришни бошлаши мумкин.

Бу ҳақда Американинг бир қанча оммавий ахборот воситалари хабар тарқатган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Уларга кўра, Вашингтон Киевни мудофаа мақсадидаги қуроллар билан таъминлашни режаламоқда.

Президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Бернадетт Миэннинг айтишича, ҳозирча бу ҳақда аниқ бир қарорга келинмаган, лекин бу масала расмийлар орасида муҳокама қилинмоқда.

"Албатта биз можаро дипломатик йўл билан ечилиши тарафдоримиз, лекин шу билан бирга, ҳар доим вазиятга қараб бошқа йўлларини ҳам назардан қочирмаймиз", деган жаноб Миэн.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Вашингтондан Би-би-си мухбири Жон Сопелнинг хабар беришича, Президент Барак Обама можаро АҚШ ва Россия ўртасида давом этиши хавотирида Киевга қурол етказилишига дастлаб қатъий қарши бўлган.

Ҳозирча АҚШ Украинага учмайдиган ҳарбий ёрдам тури - броножилетлар, тунда кўриш воситалари, муҳандислик асбоблари, радарлар ва бошқа қўшимча ёрдам жиҳожлари етказиб келмоқда.

New York Times газетининг душанба кунги хабари бўйича, Россияга қарши иқтисодий санкциялар Москвани Украина нисбатан сиёсатини ўзгартиришга мажбурламас экан, Вашингтон ўзининг бу борадаги сиёсатини қайта кўриб чиқиб, Киевга мудофаа қуролларини беришни кўриб чиқишга қайтиши эҳтимоли катта.

Си-эн-энга кура, бундай қуроллар сирасига танкка қарши воситалар ва рақибнинг ўқ отиш нуқталарини яксон қилиш тизимлари киради.

АҚШнинг исми ошкор этилмаган юқори лавозимли расмийсининг Рейтерга айтишича, Киевга учувчи қурол турларини етказиб бериш ғояси тобора долзарблик касб этмоқда.

Ушбу ҳафтада АҚШ Давлат котиби Жон Керри Президент Порошенко билан музокаралар ўтказиш учун Киевга боради.

Айни пайтда Олмония канцлери Ангела Меркел ўзининг Венгрияга сафарида мамлакати Украинага ҳарбий ёрдам бермаслигини, можаро тинч йўл билан ҳал қилиниши лозимлигини таъкидлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Бир кун олдин Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчилар раҳбари Александр Захарченко 100 минг кишилик қўшин тўплаш режасини эълон қилган эди.

Исёнчилар украин ҳукумат кучларини шарқий Донецк ва Луганск минтақаларидан сиқиб чиқариш ва стратегик аҳамиятга эга Дебальцево шаҳрини забт этишга ҳаракат қилишмоқда.

Ўзини Донецк Халқ Республикаси раҳбари деб эълон қилган жаноб Захарченко сафарбарлик "шошилинч" экани ва 11 кундан сўнг бошланишини айтган.

"Бу биз яна 100 минг кишини оламиз, деган маънога келмайди, аммо Донецк ва Луганск Халқ Респбуликаларининг биргаликдаги қўшинлари сони 100 минг бўлиши керак", деб айтган у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аммо исёнчиларнинг бу каби йирик сондаги қўшин тўплаш имконлари қанчалик, маълум эмас.

Захарченкога кўра, янги аскарлар бир ойлик тайёргарликдан ўтказилганидан сўнг камида бешта қўшимча бўлинмалар ташкил этилади: учта мотоўқчи, бир тўпчи ҳамда бир танкчи бригада.

"Бу заҳира бизга ҳар қандай ҳужумни қайтариш ва муваффақиятли бўлгани тақдирда, қарши ҳужум бошлаш кафолатини беради", деб айтган у.

Вашингтон Москвани Украина шарқидаги бўлгинчиларни ҳарбий дастаклаб келаётганликда айблайди.

Украина ҳам 9 мингга яқин Россия ҳарбийлари исёнчиларга ёрдам бераётганини айтган, аммо Москва буни рад этади.

Украина ҳукумати ҳам жорий йилда қўшинлар сонини 200 мингга чиқариш режаси билан оммавий сафарбарлик эълон қилган.

Якшанба куни қаттиқ жанглар кетаётган Дебалцевога мудофаани мустаҳкамлаш учун оғир ҳарбий техника йўлланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: 44 7858 860002