НАТО Шарқий Оврўподаги ҳозирлигини кучайтирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Украина шарқидаги жанглар шиддатли тус олган

Сўнгги ҳафталарда Украинадаги жангларнинг шиддатли тус олиши ортидан НАТО Шарқий Оврўподаги ҳозирлигини кучайтиришга тайёрланмоқда.

Бугун Брюсселда ўтадиган мажлисда Иттифоқ минтақадаги аъзо давлатларга кафолатлар бериши кутилмоқда.

Режага мувофиқ, 5 минг кишилик қўшинлар икки кун ичида минтақага юборилади ва Польша, Руминия, Эстония, Латвия, Литва ҳамда Булғористонда кичик қўмондонлик марказлари ташкил этилдаи.

НАТО Бош Котиби Йенс Столтенберг "Бу совуқ уруш тугаганидан буён НАТОнинг энг йирик ҳарбий амалиёти бўлади", деб айтган.

Украина шарқида россияпараст бўлгинчилар билан армия ўртасидаги тўқнашувлар сўнгги ҳафталарда янада шиддатлироқ тус олган.

Бирлашган Миллатлар янгидан авж олган тўқнашувларнинг "хатарли даража"га етганини айтган.

Ҳарбий ёрдам

Айни пайтда АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Украинага қурол-яроғ етказиб бериш масаласини муҳокама қилиш учун Киевга ташриф буюрган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Керри Порошенко билан АҚШнинг ҳарбий ёрдамини муҳокама қилади

У Президент Порошенко ва Бош вазир Яценюк билан кўришади.

Ҳарбий ёрдам музокаралар кун тартибидаги асосий масала бўлиши кутилади.

Президент Барак Обаманинг Мудофаа вазирлигига янги номзоди Эштон Картер чоршанба куни АҚШ Конгрессидаги йиғинда Украинага қурол-яроғ етказиб берилишига ижобий қарашини айтган эди.

Президент Порошенко ҳам россияпараст бўлгинчиларга қарши туриш учун АҚШдан қурол-яроғ ёрдами келишига заррача шубҳа қилмаслигини айтган.

Украина шарқидаги тўқнашувлар ўтган йил апрелида Россия Қримни аннекция қилиши ортидан бошланиб кетган эди.

БМТга кўра, жангларда ҳалок бўлганлар сони 5 минг 350 кишидан ошиб кетган, 12 мингдан ортиқ инсон яраланган.

Бу мавзуда батафсилроқ