Америкалик Кейла Мюллер ота-онаси “Исломий Давлат”га мурожаат қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи mueller family

Суриядаги ҳаво ҳужумда ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар ортидан АҚШлик ёрдам ташкилоти ходимаси Кейла Мюллернинг ота-онаси “Исломий Давлат” жангариларига мурожаат билан чиққанлар, қизларининг ҳаёт эканига ҳамон умид қилаётганларини айтганлар.

Мюллерлар оиласи “Исломий Давлат” жангариларини ўзлари билан мулоқотга чиқишга чақирганлар, қизларига “меҳмондек” муомала қилишни илтимос этганлар.

Оқ Уй расмийлари ўзларида Кейла Мюллер ҳалок бўлганини тасдиқловчи ҳеч нарса йўқлигини айтганлар.

Бундан олдин “Исломий Давлат” Суриянинг Раққа шаҳри атрофидаги уй деб тақдим қилинган бинонинг вайроналари фотосуратларини эълон қилган ва бу бинонинг ичида гаровга олинган америкалик Кейла Мюллер сақланганини билдирган.

Бироқ Кейла Мюллернинг ўзининг сурати эълон қилинмаган.

“Исломий Давлат” баёнотига кўра, Иордания ҳарбий учоқлари Раққа атрофини бомбалаган, ушбу бомбардимонда Кейла Мюллер ҳалок бўлган.

Ота-онаси ўз мурожаатида бундан олдин ҳам “Исломий Давлат” жангарилари билан мулоқотда бўлганларини маълум қилганлар.

Бу гал қизларининг ўлими ҳақидаги хабар ортидан шу пайтгача сир сақлаб келган мулоқотлари ҳақида жамоатчиликни бохабар этишга қарор қилганларини айтганлар.

26 ёшли Кейла Мюллер АҚШдаги Шимолий Аризона университетининг битирувчиси бўлган.

Қочқинларга ёрдам бериш мақсадида 2012 йили Туркия-Сурия чегарасига борган.

Кейинги йили Суриянинг Ҳалаб шаҳрида ишлаб юрган пайти ўғирланган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer