Кремлдаги тинчлик режаси Президент Порошенко олдига қўйилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

6 феврал куни Россия, Франция ва Олмония раҳбарлари Украина инқирозини ҳал этиш масаласини қарийб беш соат муҳокама қилганлар.

2014 йил сентябрида Минскда имзоланган оташкесим шартномасини бажариш мақсадидаги ҳужжатни ишлаб чиқишга ва бу ҳужжатни

Украина Президенти Пётр Порошенкога тақдим қилишга келишилган.

8 феврал куни эса тўрт томон телефон мулоқоти воситасида Украинада урушни тўхтатиш йўлларини яна муҳокама этажаклари хабар қилинган.

Олмония Канцлери Ангела Меркель, Франция Президенти Франсуа Олланд ва Россия Президенти Владимир Путиннинг яккама-якка мулоқоти ярим тунгача давом этган.

Музокаралар бошланишида уч мамлакат раҳбари журналистлар қаршсида кўриниш берганлар, бироқ бир-бирларига қўл бермаганлар.

Уч тарафлама мулоқот якунида раҳбарлардан ҳеч қайси бири журналистлар олдига чиқиб гапирмаган.

Франция ва Олмония раҳбарларининг Кремль учрашуви Оврўпо Иттифоқи Россияга нисбатан янги жазо чораларини жорий қилиш борасида бир қарорга келишидан олдин Украинада тинчлик ўрнатиш йўлида қилган ҳаракати бўлди.

Ғарб Россияни Украина шарқидаги бўлгинчиларни қурол-яроғ билан таъминлаш, россиялик ҳарбийларни бу урушга жалб этаётганликда айблайди, Россия буни рад этиб келади.

Сўнгги ҳафталарда Россия “Новороссия” деб атаётган ҳудудларда бўлгинчиларнинг қўли баланд келмоқда.

Охирги кунларда АҚШ Украина армиясига қурол-яроғ билан ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида гапира бошлаган.

АҚШнинг Оврўподаги шерикларида эса инқироз янада чуқурлашиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар юзага келган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ