Афғонистонда "Исломий Давлат" раҳбарларидан бири ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Толибон жангарилари ўтган ойда "Исломий давлат" сафларига ўтганларини эълон қилганлар.

Афғонистондан келаётган хабарларга кўра, ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган гуруҳ раҳбари ўринбосари Мулла Абдул Рауф дрон ҳужумида ўлдирилган.

Толибоннинг собиқ қўмондонларидан бўлган Мулла Абдул Рауф йил бошларида ИД сафига ўтганини эълон қилганди.

Кобулдан Би-би-си мухбири Девид Лойннинг хабар қилишича, у Толибон раҳбарияти билан келишмовчиликдан сўнг, ИДга тегишли қора байроқни кўтаришни ва Ҳелманд вилоятидаги тарафдорларини ёллашни бошлаган.

Шундан сўнг, Суриядаги ташкилот Мулла Абдул Рауфни "Исломий Давлат"нинг Хуросондаги раҳбар ўринбосари деб эълон қилган.

Қадимда Афғонистон Хуросон деб ҳам юритилган.

Бироқ, бугунда Афғонистонда "Исломий Давлат"нинг қанча тарафдори борлиги аниқ эмас.

Ҳелманд шимолидаги маҳаллий оқсоқолларга кўра, дрон ҳужумида чўлни кесиб ўтаётган автомашина нишонга олинган.

Унда 6 киши, жумладан, Мулла Абдул Рауф бўлганига ишонилади. Аммо, бу маълумотлар ҳали тасдиқланмаган.

Қурол-аслаҳа билан тўлдирилган автомашина портлаб кетган ва ичидагилар нобуд бўлгани хабар қилинади.

Афғон ҳукумати энди "Исломий Давлат"га қарши курашадими?

Куни кеча Афғонистон Ички ишлар вазирлиги афғон халқига таҳдид солаётган томонларга қарши курашга қодир эканини айтганди.

Мухолифлар яқиндан бошлаб "Исломий Давлат" ёки ДОЙИШ номи билан уруш тарғиботларини бошлашган.

Ички ишлар вазирлиги сўзчиси Сидиқ Сидиқийнинг матбуот анжуманида айтишича, қатор минтақаларда Толибон сафидан ажралган айрим одамлар ўз фаолиятларида ДОЙИШ номидан фойланмоқда.

Сўзчининг айтишича, афғон хавфсизлик кучлари бундайларнинг изига тушишган ва улар аҳоли ҳаётига хавф солишларига йўл қўйишмайди.

Аммо, Афғонистон хавфсизлик кучларининг бундай таҳдидга қарши курашишга заҳиралари етадими?

Биз ушбу саволни Афғонистондан собиқ ҳарбий Абдулғаффор Ботирга бердик.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002