Путин Украина инқирозида яна Ғарбни айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

"Украина инқирозига Ғарб сабабчи", деб айтган Россия Президенти Владимир Путин.

Айни пайтда у ҳукумат ва россияпараст исёнчилар ўртасидаги жангларга барҳам беришга қаратилган Франция-Олмония режаси устида ишламоқда.

Путин жаноблари Миср газеталаридан бирига гапираркан, Ғарб НАТОни кенгайтирмаслик ваъдасида турмаганини урғулаган.

Шунингдек, унга кўра, Ғарб бошқа давлатларга ё ўзини ва ё Россияни танлаш юзасидан босим ўтказмаслиги керак эди.

Владимир Путиннинг изоҳлари тинчлик келишувига эришилишига умид қилинаётган бир пайтда пайдо бўлган.

Россия исёнкорларни қурол билан таъминлаётгани ва Украина томонга қўшин йўллаётганига оид айбловларни рад қилиб келади.

Украина шарқида кечаётган жанглар туфайли ҳозиргача 5, 300дан ортиқ инсон нобуд бўлган, 1,5 миллион одам ўз уй-жойини ташлаб чиққан.

Расмийларга кўра, сўнгги 24 соат давомида камида 9 нафар Украина аскари ҳаётдан кўз юмган.

Жанглар исёнкорлар назоратида қолаётган Донецк яқинидаги Дебальцево шаҳарчаси атрофида қақшатқич тус олгани хабар қилинади.

Меркел Обама билан Украина инқирозини муҳокама қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

У АҚШ Президенти Барак Обама билан Украина шарқида урушни тўхтатишга бағишланган тинчлик режасини муҳокама этмоқчи.

Меркел хоним ва Франция Президенти Франсуа Олланд Украина ҳукумати ва россияпараст бўлгинчилар ўртасида оташкесимга эришиш йўлида воситачиликка қўл урганлар, бир неча кун илгари Кремлда Президент Владимир Путин билан ушбу масалани муҳокама қилганлар.

Айни пайтда Россия Президенти Владимир Путин Мисрга сафари олдидан “Ал-Аҳрам” рўзномасига интервью берган, бу интервьюда Украина шарқида урушни тўхтатишнинг биринчи шарти Киев томонидан ўт очишга чек қўйиш деб айтган.

"Вазиятни барқарорлаштиришнинг энг асосий шарти зудлик билан аксилтеррор деб аталаётган, моҳиятан эса Украина жануби-шарқида амалга оширилаётган жазолаш амалиётларида ўт очишни тўхтатишдир”, деб айтган Президент Путин.

«Киевнинг Донбассга иқтисодий босим ўтказиш, фаолиятига тўсиқ қўйиш мақсадидаги ҳаракатлари фақат вазиятни мураккаблаштиради. Бу катта фалокатларга олиб борадиган боши берк кўча”, деган Миср рўзномасига Россия президенти.

АҚШда, Украина армиясини қурол-яроғ билан таъминлаш зарур, деган овозлар борган сари кучайиб бормоқда.

Олмония Канцлери Ангела Меркел эса бу режага қарши.

Би-би-сининг Вашингтондаги мухбири Ражини Вайдянатан хабар қилишича, Президент Обамага янада қаттиққўл чоралар кўриши борасида босим ўтказилмоқда.

Республикачи Сенатор Жон Маккейн сингари расмийлар Украина ҳукуматига ҳарбий дастак лозим, демоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002