‘Сурия ҳукумати аксилИД коалициядан ахборот олмоқда’

Сурия Президенти Башар ал-Ассаднинг Би-би-сига айтишича, “Исломий Давлат”га қарши курашаётган АҚШ етакчилигидаги коалицияга аъзо мамлакатлар Сурия ҳукуматига ахборот бериб турибди.

Президент Ассад Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича муҳаррири Жереми Боуэнга катта интервью берган.

Бу суҳбатида Сурия раҳбари «Исломий Давлат»га қарши коалиция кучлари билан ўз ҳукуматининг тўла ҳамкорлигини рад этган.

Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудларини ўз назоратига олган «Исломий Давлат»га қарши коалицияга 60 тача мамлакат қўшилган.

Жангариларнинг Ироқ ва Суриядаги мавқеларини ҳаво ҳужумларига тутиш 2014 йил сентябридан бошланди.

Президент Башар ал-Ассад айтишича, ўшандан буён коалиция билан Сурия ҳукумати ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.

Бироқ Ироқ сингари мамлакатлар томонидан коалиция амалиётлари ҳақида маълумотларни Дамашқ ҳукумати олиб турибди.

Башар ал-Ассад ўзининг интервьюсида «Исломий Давлат»га қарши урушга бирлашган мамлакатлар билан ҳамкорликка қарши эмаслигини урғулаган.

Бироқ у Америка расмийлари билан мулоқотдан бош тортган.

“Чунки улар ўзларининг қўғирчоғи бўлганлардан ташқари ҳеч ким билан гаплашишни хоҳламайдилар”, деган Президент Ассад, бунда, афтидан, Ғарб ва Форс кўрфазидаги Араб мамлакатлари қўллаб-қувватлаган Сурия мухолифати раҳбарларини назарда тутган.

АксилИД коалиция билан нега тўлақонли ҳамкорлик қилишни истамаслиги ҳақида Сурия президенти шундай деган:

“Йўқ, биз аниқ қила олмаймиз, бизнинг истагимиз йўқ ва хоҳламаётганимизнинг битта оддий сабаби бор – чунки биз терроризмни дастаклайдиган мамлакатлар билан бир иттифоқда бўла олмаймиз”, деган Президент Ассад.

У бошқа тафсилотига тўхталмаган, лекин Сурия ҳукумати ҳар доим жиҳодчи жангариларни ҳам, Сурия сиёсий мухолифатини ҳам “террорчилар” деб атаб келади.