Хитой жумбоғи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Mydeco.com, ички дизайн ва мебел онлайн дўкони асосчиси Brent Hoberman Хитойга сафар қилганида, унга ё кундуз бўлсин ё кеча учрашишга тайёрлигини билдирган шахсдан таклиф келган.

Алал оқибат уюштирилган учрашув чоғида, хитойлик мазкур шахс 2007 йили ўзи ҳам интернет орқали бизнес очмоқчи бўлгани лекин бу ҳақда ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаганини тушунтиришни бошлаган.

Сўнгра у Mydeco.comни интернетда топиб, вебсайтни тўлиқ кўчиришга муваффақ бўлган экан. Шунинг учун бу хитойлик тадбиркор шахсан жаноб Hobermanга ўз миннатдорчилигини изҳор этмоқчи бўлган.

Кейинчалик Hoberman “Бир қарашда у менга хушомад қилди. Лекин маданий нуқтаи назардан ширкатимни бошдан оёқ кўчира олганини ўзим учун энг самимий мақтов деб тушундим”, дейди.

Бироқ ҳар қандай ғарблик тадбиркор бундай “босма” кўчиришларни жаноб Hobermanдек осонгина қабул қилолмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аммо Хитойда бу одатий ҳол. 2011 йили америкалик блоггерлардан бири Хитой ҳудудида қалбаки Apple дўконини фош этган. Бунинг ортида йўлга қўйилган расмий тергов натижасида мамлакат жануби-ғарбида яна худди шунга ўхшаш 21 дўкон фаолият юргизаётгани очиқланганди.

Тергов пайтида аниқланишича, дўконлар дизайни шу даража ишонарли бўлганки, у ерда меҳнат қилган ҳодимлар ҳақиқиатдан ҳам АҚШнинг йирик ширкати учун ишлаганликларига қаттиқ ишонишган.

Хитой меҳмонхоналари ҳам машҳур Ғарб брендларини шунчаки кўчиришмоқда, хитойлик Мариот ёки Ҳайат ҳотеллари гуркираб пул қилаётир.

АҚШ элчихонасининг рақамларига кўра, Хитой бозорларидаги барча истеъмол маҳсулотларининг 20 фоизи қалбакидир. Уларнинг огоҳлантиришича, “Агар мол яхши сотилса, демак у бир маҳсулотнинг ноқонуний нусхаси эканлиги аниқ”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи n

Босма кўчириш ва қалбаки махсулотларни ишлаб чиқариш Хитой маданиятида шу қадар чуқур илдиз ортганки, бу ўзига хос иборани ҳам вужудга келтирган. Бунинг номи “Shanzhai” яъни шанзай.

Шу вақтга қадар бу катта муаммога айланмаган эди. Жаҳоннинг иккинчи йирик иқтисоди сўнгги ўттиз йил мобайнида Ғарбнинг рашкини келтириб мисли кўрилмаган жуфт рақамлар билан кенгайиб ўсган. Бироқ ўтган йили Хитой иқтисоди 24 йил ичида илк бор пасайгани кузатилди. Шунинг учун Хитой бизнеслари агар улар нафақат ички бозорда, балки муҳимроғи чет элда ҳам муваффақиятга эришмоқчи бўлишса, босма кўчиришдан кўра кўпроқ инновацион кашфларни киритишга ҳаракат қилишлари керак бўлади.

Йирик хусусий таълим ширкатининг ижроий раҳбари Жо Баулин Жоунинг ишонишича, мамлакатдаги баъзи ширкатлар янги силжишни бошлаганлар. Унга кўра, 80 йилларда Хитой ҳукумати биринчи бўлиб иқтисодни очишни бошлаб, хусусий фирмаларнинг таъсис этилишига рухсат бергани натижасида босма кўчириш мойиллиги ҳам кенг тус олган эди. Бошида илк тадбиркорларнинг деярли барчаси ўз вақти ва пулларини инновация тадқиқотлари ва ривожлантиришга сарф этишга имкони бўлмаган. Уларнинг ўзларида камдан кам заҳиралар бор эди, шунингдек, ишга олинган ходимларининг аксари тажрибасиз эди.

“Бир зумда муваффақиятга эришишни кўзлаган катта бизнес эгалари шунчаки босма кўчириш билан овора бўлишган. У пайтда улар брендларни пала- партиш, ўйламасдан ҳамма нарсани кўчираверганлар.”

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Буларнинг қаршисида, Жоу жанобларининг айтишича, тадбиркорларнинг иккинчи авлоди, яъни технологик янгиликлар киритишга тайёр бўлган шахслар етишиб чиққан. Улар ғарблик рақибларидан ўрганиб, Хитой истеъмолчиларига мослаштириб, янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни бошлаганлар. Булар орасида йирик интернет харидор ширкати Alibaba ва СМС ларни етказиб берувчи Tencent' ширкатининг WeChat хизматлари бор.

Одатда Хитойда раҳбарнинг айтгани айтган, дегани деган бўлади. Паст поғонада турган ходим бир нарсани ўзгартиришга ёки бошқачароқ йўлни таклиф этишга журъат қилолмайди. Унинг бундай ҳатти-ҳаракатлари раҳбарга нисбатан ҳурматсизлик сифатида қабул қилиниши мумкин.

Northern Light Venture Capital ширкати раиси Deng Feng ҳозирда Хитой менеджерлари қўллаётган раҳбарлик усулини "етаклашдан кўра кўпроқ бошқаришдан иборат" деб таърифлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

“Хитойда бошқарув усули одамларни кўпроқ назорат қилишга бориб тақалади. Биз бундай ёндашувни, биринчи навбатда ўзимизнинг ва бошқа хитойлик тадбиркорларнинг онгларида ўзгартиришимиз керак. Биз одамларга панд-насиҳат беришдан кўра уларни рағбатлантириб ва етаклаб боришимиз лозим”.

Мазкур маданий нормаларни ўзгартириш йўлида ширкат раҳбарияти келиб чиқишлари ранг-баранг маданиятлардан бўлган одамларни ишга ёллашлари керак. Мисол учун, дунёда энг йирик компютер ширкати ЛЕНОВО олтмишдан ортиқ мамлакатда ўз идораларини очди, кенгаш аъзоларининг қирқ фоизини эса хитой миллатига мансуб бўлмаган шахслар ташкил қилади.

“ЛЕНОВО” келажаги учун ҳам Ғарб ҳам Шарқ маданиятларини бир бирига қоришиб кетиши ўта муҳим. Чунки улар ҳозирда ўта қаттиқ рақобатлашаётган ва устаси фаранг бўлган рақибларга дуч келишяпти. Шунингдек, Хитой раҳбарлари Ғарбнинг инновацион куч қудратини Шарқнинг маданияти билан бирлаштиришлари керак”, дейди ЛЕНОВО аосчиси Liu Chuanzhi.

Хитой ўз иқтисодини ташқи дунёга очганидан бери тадбиркорларнинг иккинчи авлоди пайдо бўлди. Улар Ғарбда таълим олган ва мамлакатга қайтгач бошлаётган ҳаракатлари умид уйғотмоқда.

Интернетда видеоларни баҳам кўриш сайти Youku Tudouнинг раҳбари Viktor Koo, АҚШда таълим олган, у Хитойга қайтишдан олдин бир неча йил Силикон водийсида ҳам ишлаган.

"Ички бозоримизда юз бераётган воқеликларга мослашиш учун технологиямизни янгилаштиришга ҳаракат қилганмиз. Мослашиш бу ягона йўлингиздир. Бошқа иложингиз йўқ. Акс ҳолда, ғалабага эришмайсиз. Бу бутун ишимизнинг аос моҳияти,”дейди Viktor Koo.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ