Миср учоқлари Ливиядаги жангариларни бомбалаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

15 феврал куни ўзларини “Исломий Давлат”га содиқлигини эълон қилган Ливиядаги жангарилар 21 мисрлик Қибтис насронийсининг бошини танасидан жудо қилгани ҳақидаги видеони тарқатганлар.

16 феврал тонгида Миср ҳукумати ўзининг ҳарбий учоқлари Ливиядаги исломий жангариларни бомбалагани ҳақида хабар тарқатган.

Миср давлат телевидениеси хабарига кўра, “Исломий Давлат” жангариларининг жамлоқлари, ҳарбий машғулот майдонлари ва қурол-яроғ омборлари нишонга олинган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Ливиянинг исломий жангарилар ўз назоратида ушлаб турган Дерна бандаргоҳ шаҳри ҳаво ҳужумларига тутилган.

Якшанба куни пайдо бўлган видеода норинж рангдаги кийим кийган инсонларнинг бошлари таналаридан жудо этилгани тасвирланган.

Видеони ливиялик жангарилар эълон қилганлар, улар “Исломий Давлат”га байъат қилганларини эълон этганлар.

Ҳозирги пайтда Ливия ҳукумати мамлакатнинг аксар ҳудудлари устидан назоратни йўқотган, турли ҳудудларга бир-бирига душман бўлган турли қуролли гуруҳлар эгалик қилиб турипти.

“Исломий Давлат” Ливиянинг ҳар хил жойларида ҳужумларни амалга оширганини даъво қилган.

Мисрлик Қибтис насронийларининг қатл қилиниши “Исломий Давлат” номидан Сурия ва Ироқ ҳудудидан ташқарида содир этилган биринчи қатл бўлган.

Ушбу қатлни Ислом оламида энг нуфузли ҳисобланган ўқув даргоҳи “Ал-Азҳар” қоралаб чиққан, уни ваҳшийлик деб атаган.

Халқаро миқёсда ҳам Ислом дини номидан содир этилган ушбу қотиллик кескин қораланмоқда.

Қатл қилинган Қибтис насронийлари Ливияга ишлаб пул топиш мақсадида борган бўлганлар.

Қибтис насронийлари ҳам Миср, ва ҳам Ливия ҳудудида истиқомат қилишади.

Ливиядаги вазият нотинч эканига қарамасдан, кўплаб Қибтис насронийлари у ерга йўл оладилар.

Мисрлик ишчилар ўтган йили декабри ва шу йил январида Сирте бандаргоҳ шаҳрида қўлга олинган эдилар.

Сирте шаҳри ҳам исломий жангарилар назорати остида, мисрликлар фақат насроний бўлганлари учун ҳам нишонга олинганлар.

Сўнгги видео эълон қилинганидан кейин Мисрда норозилик намойишлари уюштирилган, намойишчилар Миср ҳукуматидан қатл учун ўч олишни талаб қилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer