Миср Ливиядаги Исломий Давлатга қарши кураш учун БМТ қарорини сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Миср Президенти Абдул Фаттоҳ Сиси халқаро қўшинларнинг Ливияга киритилиши учун Бирлашган Миллатлар резолюцияси қабул қилинишини сўради.

Франциянинг "Радио 1" радиосига гапирган жаноб Сиси: "Бошқа танлов йўқ. Биз уларга фарзандларимизни бошларидан жудо қилишларига йўл қўймаймиз", - деди.

Жангарилар 21 мисрлик қибтий насронийларнинг бошлари танасидан жудо қилинаётгани акс этган видеони тарқатишлари ортидан Миср қирувчи учоқлари душанба куни Исломий Давлат мавқеларини бомбалади.

Ливиядаги рақиб жангари гуруҳлар 2011 йилдан бери назорат учун курашиб келишаяпти.

Мамлакат бўйлаб кўплаб жангари гуруҳлар амал қилади, яхлит ҳукумат йўқ. Икки рақиб ҳукумат Триполи ва Тобрукдан иш юритади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Жаноб Сиси Ливиянинг Тобрукдаги халқаро тан олинган ҳукуматига қуроллар берилишига чақирди.

Миср ҳаво кучлари Ливияга яна ҳужум қилиши эҳтимоли ҳақида сўралганда, у: "Ҳа, буни яна амалга оширимиз керак, ҳаммамиз биргаликда", - деди у.

Айни дамда Миср ҳукумати душанба куни яна 24 қирувчи учоқ сотиб олиш бўйича Франция билан битимга имзо чекди.

Душанба куни Миср телевидениеси ҳаводан ҳужумлар Исломий Давлатнинг Дерна шаҳри яқинидаги машғулот жамлоқлари ва қурол омборларини нишонга олганини хабар қилди.

Мисрдаги ҳарбий манбалар ҳаводан ҳужумлар давом этиши, бироқ ҳозирча пиёда қўшинларга эҳтиёж йўқлигини билдирдилар.