Нима учун эркаклар жинсий зўравонликка қўл уришади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Sahika Yuksel

Туркияда ўтган ҳафта 20 ёшли талаба қизнинг жинсий зўравонликка юз тутиши ва ўлдирилиши ортидан турли ёшдаги аёллар йирик намойишларга чиққанлар.

Туркияда аёллар жинсий зўрлашлар, тегажоқлик ва камситишларга қарши чиқишлар қилишар эканлар, Би-би-си Истанбулдаги етакчи руҳшунос Профессор Саҳика Юкселдан жинсий зўравонннинг онги қандай ишлаши ҳақида сўради.

Би-би-си: Нима учун эркаклар жинсий зўравонлик қилишади?

Юксел: Нима учун эркаклар аёлларни зўрлашади? Эркаклар гормонал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда бунга қўл урадилар дейиш мутлақо нотўғри. Кўчадаги оддий эркак тўғри келган аёлни зўрламайди. Бунинг нотўғри амал эканини била туриб, у буни яширинча қилади. Жинсий зўравонлик бу жинсий алоқа эмас. Бу жинсий ҳужумдир. У бу ҳужумда ғолиб чиққиси келади. Гап бу ерда аёлни объект сифатида кўриб, уни эгаллаб олиш, қудрат ҳақида кетаяпти. Ва бундан файз оладиган одамлар бор. Жинсий зўрлаш энг тубан амалдек тақдим қилинади, бу тўғри, лекин бу эркаклар қўл урадиган ягона ҳужум эмас. Агар руҳий зўравонлик, жисмоний зўравонлик, молиявий зўравонлик, аёлларнинг ҳуқуқларини камситиш ҳоллари жамиятда нормал деб кўрила бошланса, унда жинсий зўравонлик ҳоллари келиб чиқади.

Би-би-си: Жинсий зўравон эркакнинг болалигидаги тарбияси унинг вояга етганида роль ўйнайдими?

Юксел: Бизнинг маданиятимизда бола ва қизлар эркакларнинг устиворлиги ва қудрати каби қадриятлар билан ўсиб улғаядилар. Онага ўз эрининг авторитар ҳукмронлигини ҳурмат қилиш уқтирилади. Ҳолбуки, она ўз ўғли ва қизига нисбатан ҳам фарқли муносабат қилади. Биламизки, онасининг зўравонликка юз тутганини кўриб улғайган қизлар ўзлари ҳам кейинчалик шундай зўравонликларга юз тутадилар. Оталари оналарини урганини кўриб улғайган болалар ҳам ўз аёлларига нисбатан зўравон бўлиб улғайишлари хавфи катта бўлади. Бола ва қиз ўз отаси онасига иккинчи нав одамдек муносабат қилганига қараб жамиятдаги ролини топади. Буни глобал муаммо дейиш мумкин, чунки уни бутун дунёда кўришингиз мумкин. Туркияда аёллар эркакларга қараганда яхши таълим олишмайди. Сиёсатчилар эса такрор-такрор аёллар эркакларга тенг эмаслигини айтиб келишади.

Би-би-си: Агар бирон эркак шундай ишга қўл уриши мумкинлигини айтса ва ёрдам истаса, қандай йўл тутасиз?

Юксел: Агар у ўз қилмишлари нотўғри эканини тан олмаса ва масъулиятни ўз бўйнига олмаса, ҳеч нима қилиб бўлмайди. Агар у қилмишдан кейин қўлга олинса ва кейин тавба қилса, бу билан ҳеч нима ўзгармайди. Бу каби ҳиссиётларни ўзларида сезиб ёрдам ахтарган эркаклар сони жуда кам. Жинсий зўравонликка қул урган эркаклар жазони ўтаётган вақтида қайта тарбияланиши керак. Бу каби тарбия Туркияда ҳозирда йўқ. Ҳар бир инсоннинг муолажа ва қайта тарбияга ҳаққи бор. Дунё бўйлаб жинсий зўравонларни реабилитация қиладиган дастурлар бор, ва улар озодликка чиққанида бу каби амалга қўл уришлари хавфи анча пасаяди. Туркияда бу каби эркакларни ахта қилиш ёки ўлим жазосига ҳукм қилиш чақириқлари бўлаяпти. Ўлим жазоси инсоний жазо эмас. Биламиз, ўлим жазоси мавжуд бўлган АҚШда, масалан, жиноятлар даражаси паст эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02