‘Москвада Владимир Путин номидаги масжид қурайлик’

Хабарларга кўра, бундай мурожаат билан Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянинга Россия мусулмонлар жамоаси вакиллари чиқишган.

Аён бўлишича, Россия мусулмонларининг "ватанпарвар кайфиятда бўлган бу қисми президент Владимир Путин исмини кўпмиллатли халқ ёдида асрлароша сақлаб қолишмоқчи".

Бу ҳақда Россиянинг “IslamNews” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Агентликнинг билдиришича, “Россия Бирлашган Исломий Конгресси” раиси Шавкат-ҳожи Авясовнинг бу хусусдаги расмий мурожаати нусхасига ҳам эгалар.

Айни шу мурожаат нусхасига таяниб, агентлик томонидан тарқатилган хабарда айтилишича, конгресс раиси энг аввало эътиқодидан қатъиназар, Россиядаги барча диний ташкилотлар ва фуқароларни мамлакат раҳбари ташаббусларини қўллаб-қувватлашга даъват этган.

Авясовнинг ушбу хабарда келтириб ўтган сўзларига кўра, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Иккинчи Жаҳон уруши натижаларини ўзгартириш ва собиқ Шўролар Иттифоқининг хизматларини бир тийинга чиқариш мақсадида ахборот урушига қўл уришган.

Унинг таъкидлашича, бу давлатлар, “Бутун дунёга тартибсизликлар уруғини сочиб, қурол ва иқтисодий санкциялар кучи билан бошқа мамлакатларга ахлоқсиз, ғарбона демократиясини тиқиштиришмоқда...”

Фото муаллифлик ҳуқуқи

“Бизнинг юракларимиздан Яратганга бўлган муҳаббат ва эътиқод, яхшилик ва адолатга бўлган ишончни суғуриб олишмоқчи, бизнинг бир неча асрлик буюк маданиятимиз ва халқларимиз тарихини ўчириб ташлашмоқчи”, - деган сўзларидан иқтибос келтираркан, агентлик жаноб Авсяновнинг бунга мисол ўлароқ Муҳаммад пайғамбар(с.а.в)нинг айрим Ғарб нашрларида ҳажв этилиши ҳодисасини мисол тариқасида келтириб ўтганини ҳам баён қилади.

Бунинг ортидан эса, жаноб Авсянов, “Россия учун қийин бўлган ана шу паллада барчанинг президент Владимир Путин атрофида бирлашиб, уни ва Қримни Россияга қўшиб олиш қарорини қўллаш лозим”лигини ўқтиради.

“Мамлакатдаги барча дин вакилларини ораларидаги зиддиятни бир четга йиғиштириб, шу каби хавотирли бир пайтда ўз таклифларини дастаклаш”га даъват этади.

Унинг хабарда келтириб ўтилган сўзлари мазмунидан аён бўлишича, “Россия мусулмонлари биргина Владимир Путиннинг содиқ тарафдорлари эмас, балки унинг “жангчилари” ҳамдир”.

“Биз – Россия мусулмонларининг ватанпарварлик руҳида бўлган қисми исми кўпмиллатли халқимиз ёдида асрлароша сақланиб қолиши учун давлатимиз раҳбарига мурожаат қилиб, Москвада Владимир Путин номидаги масжид қуришимизга изн беришини сўрадик. Бунинг учун ер участкаси ажратишини илтимос қилиб, Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянинга ҳам мурожаат қилдик”, - дея баён қилган жаноб Авсянов.

Айни шу агентлик томонидан тарқатилган сўнгги хабарлардан маълум бўлишича, конгресс раиси бу хусусдаги мурожаатини Россия бўйлаб йигирмата минтақа раҳбарларига ҳам юборган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бунгача Россияда президент номи билан аталган масжид фақат Чеченистонда қурилган.

Бу масжид Чеченистон собиқ президенти, марҳум Аҳмат Қодиров шарафига унинг номи билан аталган.

2008 йилда унинг ўғли, Чеченистоннинг амалдаги президенти Рамзан Қодировнинг шахсан ўзи томонидан очилган.

Ушбу масжид икки чечен урушидан вайрон бўлган пойтахт Грознийнинг қайта тикланиши рамзи сифатида барпо этилган "Чеченистон юраги" комплексининг ичига киради.

Масжид Оврўподаги энг йирикларидан бири, деб ҳам кўрилади ва унда бир вақтнинг ўзида 10 минг киши намоз ўқий олади.

Ушбу мажмуадан, масжиддан ташқари, Ислом университети, Диний ишлар бўйича қўмитаси, мадраса, Исломий кутубхона ва талабалар учун ётоқхона ҳам ўрин олган.

Масжидни фойдаланишга топширилишидан сал аввал бориб кўрган президент Владимир Путин, "у билан нафақат чечен халқи ва мусулмонлари, балки бутун Россия мусулмонлари ғурурланишса, арзиши"ни айтганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бунгача Владимир Путин номи қирғиз парламентининг қарори билан Қирғизистондаги Тяншан тоғи чўққиларидан бирига берилган.

2002 йилда эса, бу тоғ чўққиларидан бири Россия марҳум президенти Борис Ельцин номи билан ҳам аталган.

Бу - ўз ўрнида, Украина инқирози ва расмий Кремлнинг унда тутган ўрни боис, Ғарб томонидан устма-уст киритилган жазо чоралари манзарасида Россияда президент Путинни қўллаб илк бор ўтказилаётган ватанпарварлик амалиёти эмас.

Ўтган йил Россия раҳбари акси туширилган футболкалар пойтахт Москвадаги қимматбаҳо дўконларда сотувга чиқарилган ва турнақатор навбатларга сабаб бўлган.

Бунинг ортидан, айрим дизайнерлар худди шундай минглаб футболкаларни Ғарбда ишлаб чиқарилганига текинга алиштириб беришга ҳам рози бўлишганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ