'Майдан' хунрезлиги: Ким биринчи бўлиб ўт очди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Бир йил олдин "Майдан"да элликдан зиёд одам халок бўлган

2014 йилнинг 20 феврали тонги. Киевнинг қоқ маркази - “Майдан” иккига бўлинган. Бир тарафда махсус полиция кучлари, иккинчи тарафда эса – норозилик намойишчилари.

“Майдан”да таранглик ахволи икки ойдан буён давом этмоқда. Бироқ бу ҳолат ҳам ўз поёнига етадиган кўринади. Кун ботиши билан элликдан ортиқ одам халок бўлади. Улардан аксарияти тор кўчаларда хавфсизлик хизмати томонидан ўққа тутилган.

Зўравонликлар Украинанинг Москвапараст президенти Виктор Януковичнинг ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келади. Расмий Кремль бу воқеаларни давлат тўнтириши деб таърифлаб, Қримни босиб олиш ва шарқий Украинадаги бўлгинчиларни дастаклаш учун мазкур ҳолатдан фойдаланади.

Норозилик намойишлари лидерлари бугунги Украинада ҳокимият тепасига келганлар. Улар собиқ ҳукумат буйруғи остида тинч аҳолига ўқ отилгани учун бутун маъсулиятни хавфсизлик хизмати ҳодимларига тўнкаяптилар.

Бироқ, бир йил ўтгач, баъзи гувоҳларнинг ҳикояларида янги жиҳатлар ҳам ўртага чиқмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Бир тарафда махсус полиция кучлари, иккинчи тарафда эса – норозилик намойишчилари

"Мен уларни ўлдириш учун ўт очганим йўқ"

"Мен уларнинг оёқларига қараб отганман”, - дейди ўзини Сергий деб таништирган йигит. - “Майдан"нинг жануби-ғарбий бурчагида жойлашган Киев консерваторияси биносида мавқени эгаллаганман. Албатта, мен одамларнинг қўли ёки бошқа бир жойига тегиб кетишим мумкин эди. Лекин уларни ўлдириш учун ўқ отганим йўқ.”

Сергийнинг менга айтишича, у "Майдан"да бир ой мобайнида деярли ҳар куни намойишларда қатнашиб юради. Сўнгра қўлига қурол олади. Унинг менга тушунтиришича, полиция зобитларига қарата ўт очгани натижасида полиция ортга қайтишга мажбур бўлган.

Бундан икки кун олдин, 18 февралда, отишмалар рўй берган эди. 19 феврал куни, чоршанбада, вазият сал тинчиган кўринди-ю, аммо кечқурунга бориб, Сергийнинг айтишича, ноъмалум бир киши билан мулоқот уюштирилади. Мазкур шахс унга иккита қурол - 12 калибрлик кичик милтиқ билан “Сайга” номли катта тезликда кетма-кет ўқ отадиган ов милтиғини таклиф қилади.

У “Сайга”ни танлаганини айтади. Сўнгра Сергий янги милтиғини консерваторияга яқин жойлашган почта биносида яшириб қўяди. Ўша пайтда “Майдан” намойишчилари иккала бинони назорат қилиб туришган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption "Майдан" зўравонликлари

20 феврал куни ҳодисалар қандай ривожлана бошлаган?

Намойишчилар босими остида полиция кучлари жабҳа чизиғидан ортга чекинишга мажбур бўлишади. “Украина” меҳмонхонаси жойлашган кўчалардан бирида полиция зобитлари бошпана топишга муваффақ бўладилар.

Бу ҳаракатларни кўриб турган намойишчилар полицияга қарата ёпирилиб силжишни бошлашади. Шунда қочишга мажбур бўлган хавфсизлик ходимлари ва атрофдаги баланд иморатларда ўрнашиб олган мерганлар намойишчиларни ўққа тутадилар.

Элликдан ортиқ инсон халок бўлади. Бу - “Майдан”да намойишчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасида содир бўлган тўқнашувлардан энг қонлиси бўлади.

20 февралда эрталаб отишма бошланганида, Сергийнинг айтишича, уни консерваторияга юборишади. У ерда соат 7.00 қадар у йигирма дақиқа давомида бошқа ўқчи билан бирга полициячиларга ўқ отади.

Унинг ҳисоботи бошқа гувоҳлар томонидан ҳам қисман тасдиқланмоқда.

Ўша куни эрталаб парламентнинг мухолиф аъзоси ва Майдан ҳаракатининг иштирокчиси Андрий Шевченкога "Майдан"да жойлашган махсус полиция кучлари раҳбари қўнғироқ қилади.

“У менга телефонда, Андрий, кимдир йигитларимни отиб ташлаяпти,-деб айтди. - Ўқлар консерватория томонидан келяпти”.

Шевченко намойишчилар хавфсизлиги учун маъсул бўлган Андрий Парубий билан боғланади. Парубий “Майдан комменданти” деган ном чиқарганди.

“Консерватория биносини бутунлай синчиклаб чиқиш ва ўқ отувчиларни топиш учун ўзим ишонган одамларимдан бир гуруҳни юбордим”,- деб эслайди Парубий.

Бироқ ўшандан кейин ҳам депутат Андрий Шевченкога полиция раҳбарининг ваҳимали қўнғироқлари тинмайди.

“Менга полиция раҳбари кетма-кет телефон қилиб, “Йигитларимнинг учтаси яраланди... энди бештаси яраланган.. йигитларимдан бири ҳалок бўлди”... деб гапирарди. Сўнгра бир маҳал у “мен кучларимни ортга қайтараман” дея, “Андрий, бунинг охири қандай бўлишини мен билмайман”, деб айтди. Лекин мен ўша заҳоти жуда ёмон ҳодиса содир этилганини англаб етдим”.

Андрий Парубий бугунги кунда Украина парламенти раисининг ўринбосаридир. Унинг айтишича, консерватория биносига юборилган унга тегишли одамлар бирорта ўқчини топишмаган.

Бироқ, ўша куни эрталаб соат саккиздан сўнг консерваторияга киришга мувафақ бўлган маҳаллий ёш фотограф ўқчиларни расмга тушуришга улгуради. Лекин уларнинг айнан ўқ отаётганларини у кўрмагани ҳақида гапириб берди.

Сергийнинг менга гапириб берганлари Парубийнинг сўзларига қарама-қарши келяпти.

“Мен милтиқимни ўқлаб ётган эдим,”- дейди у. “Бирданига кимдир олдимга югуриб келиб, оёғи билан босди. “Сенга гапимиз бор, хавотир олма, ҳаммаси яхши, лекин қилаётган ишларингни тўхтат”, деб айтишди”.

Сергийнинг ўйлашича, кейинчалик уни бинодан олиб чиққан шахслар Парубийнинг одамлари бўлишган, аммо уларни юзларидан таниб олиш имкони йўқ эди. Сўнгра улар Сергийни консерваториядан олиб чиқиб, машинага солиб, Киевдан узоқроқда қўйиб юборишган. Уйига у ўзи йўл топиб етиб борганини айтади.

Ўша вақтга қадар учта полициячи ҳалокатли яраланган эди.

Намойишчиларнинг қирғини бошланиб кетади.

Киев ўтказган расмий текширувда асосий эътибор полиция кучлари ортга қайтаганларидан сўнг бошланиб кетган отишмага қаратилмоқда. Видеотасмаларда полициячилар намойишчиларга қарата ўқ отаётганларини аниқ кўриш мумкин.

Текширув натижасида фақат учта одам ҳибсга олинган ва уларнинг бари полиция махсус бўлимининг аъзоларидир. Булардан иккиси - кичик мартабали зобитлар- ҳали ҳам ҳибсдадирлар. Учинчи шахс, бўлим қўмондони Дмитрий Садовник эса, гаров эвазига чиқиб, сўнг ғойиб бўлган.

Уч полициячи 39 одамнинг ўлимида айбланмоқда. Бироқ бу рақамдан ортиқ камида ўнта намойишчи ўлдирилиб, полиция кучларидан уч нафари жароҳатларидан ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлган оддий намойишчилардан баъзилари мерган томонидан отилгани аниқ кўринади. Мерганлар “Майдан"ни ўраб олган баланд бинолардан ўқ отишган бўлишлари мумкин.

Қурбонларнинг яқинлари ва Бош прокуратурадаги манбаларнинг Би-би-сига айтишларича, махсус полиция кучлари қўлларидан ҳалок бўлган одамларнинг ўлимларини текширишга қаратилган тергов ҳар бир босқичда тўсиқларга дуч келмоқда.

“Янукович даврида прокуратура, милиция ва судлар Бермуд учбурчагининг қирраларини ташкил қилган”, - дейди Андрий Шевченко. “Улар тил бириктириб ишлаганлари, бир-бирининг айбларини яширишга ҳаракат қилганларини ҳамма яхши билган. Ва айнан шу жиҳатлар мамлакатда чуқур илдиз ортган коррупциянинг пойдевори эди. Мазкур алоқалар ҳанузгача жамиятда мавжуд.”

Фитна назариялари

Айни пайтда воқеалар юзасидан фитна назариялари кенг тарқалиб кетмоқда.

Феврал бошларида Украина Бош прокурори Виталий Ярема олиб борган тергов жараёни устидан янграган танқидлар туфайли истеъфога берди.

“Майдан комменданти” Андрий Парубийнинг айтишича, “20 февралда отишмаларни Россиядан келган ва Россия томонидан назорат қилинган махсус мерганлар содир этганларига мен қаттиқ ишонаман.”

“Бу отишмалар орқали улар "Майдан"да хунрезлик уюштирмоқчи бўлишган”.

Бу назарияга Украинада деярли ҳамма ишонади. Россияда эса бунинг аксини таъкидлашаётир. Россияликлар “Майдан”даги тўқнашувлар ғарбнинг фитнаси бўлиб, АҚШнинг Марказий Жосуслик Бошқармаси ташкиллаштирмоқчи бўлган тўнтарув орқали Украинани Москва таъсиридан тортиб олиш бўлган. Бироқ бирор томон ишончли далилларни тақдим этолмаган.

"Майдан"га чиққан намойишчиларнинг аксари тинч ва қуролланмаган одамлар бўлган. Ҳар ҳолда 20 февралда халок бўлган намойишчилар биронтасининг қўлида қурол бўлмагани маълум.

"Майдан" раҳбарлари улар намойишчиларни қурол-аслаҳалардан узоқлаштиришга ҳаракат қилганларини таъкидлаб келишади.

“Биз қудратимиз кучни ишлатмасликда эканини билганмиз ва агарда биз ўқ очганимизда бу бизнинг ожизлигимизга айланар эди”, дейди Андрий Шевченко.

Парубийга кўра, хавфсизлик хизмати ҳодимлари зўравонлик қўллаганликларига жавобан ва талафот еган яқинлари учун қасос олиш мақсадида айрим намойишчилар милтиқларни "Майдан"га олиб келишлари мумкин эди.

“Мен, 18 феврал куни рўй берган отишмалардан сўнг, йигитлар "Майдан"га ов милтиқларини кўтариб келганлари ҳақида эшитганман. Ўша кунлари менга айтишларича, уларнинг баъзилари 18-да ҳалок бўлган одамларнинг оталари ё-да қариндошлари эканларини фараз қилишим мумкин. Мерганлар намойишчиларимизга қарата ўқ отишни бошлаган пайтлари, мазкур одамлар уларга жавобан милтиқларидан ўт очишган бўлиши мумкин”,- дейди “Майдан комменданти” Парубий.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бироқ Сергий, бу сўзларга қўшилмайди. Унинг айтишича, уни январ охирларида айнан ўқчи сифатида ёллашган. Ўзини истеъфодаги ҳарбий зобит деб таништирган эркак киши собиқ аскар бўлмиш Сергийни ишга олишга уринган.

"Бироз гаплашганимиздан кейин, у мени ўз ҳимоясига олди. Балки баъзи жиҳатларимни ёқтиргандир. Зобитлар психолог каби, инсон нимага қодир эканлигини дарров билиб олишади. У мени ўзига яқин тутди.”

Мазкур истеъфодаги ҳарбий зобит “сенинг вақтинг ҳали келади”, дея, "Майдан"да фаол бўлган ҳарбий гуруҳларга қўшилмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Яъни, қуролни қўлга олиш учун уни руҳан тайёргарликдан ўтказишган деб ўйлайдими?

"Йўқ, биз, мисол учун, ўтириб бир режани ишлаб чиққанимиз йўқ. Лекин бу ҳақда кўп гаплашганмиз ва у мени бир маънода тайёрлаган эди, деб айтсам бўлади.”

Сергийни ёллашга уринган одам ким бўлгани ёки ўша кунлари "Майдан"да фаол бўлган гуруҳлар бирининг аъзоси бўлгани ўта мавҳум.

Лекин шуниси аниқки, шу вақтга қадар 20 февралда биринчи бўлиб ким ўт очганини биз ҳанузгача билмаймиз.

Эҳтимол, Сергийдан катта ўйиндаги пиёда каби фойдаланишгандир. Бошида оддий намойишчи бўлган Сергий бора-бора ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун қурол олишга мажбур бўлганини айтади.

“Мен кимнидир ўлдириш ниятида қурол кўтарганим йўқ. Бироқ вазият мажбур қилди. Мен ўзимни қаҳрамондек ҳис қилмаяпман. Аксинча, мен кечалари ухлолмаяпман, ёмон тушлар кўраман. Ўзимни тутишга ҳаракат қиламан. Лекин сал бўлса ҳам кичик бир нарсага асабийлашиб кетадиган бўлдим. Мақтанадиган жойим йўқ менинг. Ўт очиш ўта осон. Ундан кейин ҳаёт кечириш қийин бўлар экан. Лекин ўз ватанини ҳимоя қилиши керак инсон”.