Толибон: 'Исломий Амирлик музокаралар ҳақида ўйлаётгани йўқ'

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Афғонистон Толибон ҳаракати ўзларининг АҚШ билан тинчлик музокараларига тайёр эканликларига оид хабарларни шу тариқа кескин рад этиб чиқди.

Ҳаракат воизи Забиуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, "Афғонистон ҳануз ишғол ва минглаб хорижий аскарларнинг назорати остида. Шу боис ҳам, Исломий Амирлик музокаралар масаласига жиддий эътибор қаратаётгани йўқ".

Унга кўра, музокаралар борасидаги сиёсатлари ўша-ўша, яъни ҳеч бир ўзгаришсиз қолган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар, йилларки, афғон тупроғида бирор бир хорижий аскар қоларкан, ҳеч бир томон билан тинчлик музокараларига бормаслигини таъкидлаб келади.

Қўшни Афғонистонда Толибон тузуми қулатилиши билан кечган ўтган 14 йил мобайнида эса, ҳеч бир манфаатдор ёки воситачи томоннинг ҳаракат билан музокаралар олиб бориш уринишлари самара берган эмас.

Алал-оқибат, 13 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари афғон можаросига бирор бир ечим топмай, ўтган йил Афғонистонни деярли буткул ташлаб чиқишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Яъни, Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати ва расмий Вашингтон ўртасида имзоланган муҳим хавфсизлик битимига мувофиқ, ўн мингдан ортиқ хорижий аскар ва улар қатор ҳарбий базаларининг 2016 йил якунига қадар афғон заминида қолишига изн берилган.

Янги миллий бирдамлик ҳукумати иқтидорга келган ўтган тўрт ой ичида Афғонистон зўравонликлар гирдобига ботаркан, АҚШ Президенти Барак Обама бу аскарларнинг ваколатларини кенгайтиришга қарор қилган, уларга яна жанг олиб бориш ҳуқуқини ҳам берганди.

Воқеаларнинг бу каби ривожи Афғонистон Толибон ҳаракатининг кескин норозилигига сабаб бўлган, ҳаракат бунга жавобан бутун мамлакат бўйлаб ўз ҳужумларини кучайтиришга ваъда қилганди.

Устига устак, АҚШ томонининг фитнаси эканини айтиб, ҳаракат янги миллий бирдамлик ҳукуматини тан олмаслигини ҳам ошкора баён қилган.

Афғонистон Толибон ҳаракати воизи Забиуллоҳ Мужоҳид ўзларининг янги баёнотларида ҳам мавжуд вазиятга яна бир бор тўхталиб ўтган.

Бунга қўшимча ўлароқ, афғон ҳукуматининг чуқур коррупцияга ботгани ва Исломга зид фаолият олиб боришга зўр бераётганини ҳам нега музокаралар борасида бош қотириб ўтириш ниятлари йўқлигига бошқа сабаблар ўлароқ келтириб ўтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қўшни Афғонистоннинг янги президенти ва миллий бирдамлик ҳукумати эса, ўтган тўрт ойдан буён афғон тупроғида жанг қилаётган барча қуролли гуруҳларга нисбатан устивор сиёсатлари сулҳу мадора бўлишини таъкидлаб келади.

Худди шу манзарада президент Ашраф Ғани афғон можаросига дипломатик йўл топиш илинжида қисқа вақтнинг ўзида Саудия Арабистони, Покистон, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилиб улгурган, уларнинг бу борада дастак ва ваъдаларини ҳам қўлга киритганди.

Аммо, таъкидлаш жоиз, шу пайтгача Афғонистон Толибон ҳаракати президент Ғани бошчилигидаги миллий бирдамлик ҳукуматининг сиёсатию бу борада олиб бораётган уринишларига бирор бир муносабат билдирмаган.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг раҳбари Мулла Муҳаммад Умар эса, ўзининг Қурбон Ҳайити муносабати билан йўллаган сўнгги табригида ҳам якуний мақсадлари, барибир, Афғонистонда исломий давлат қуриш бўлиб қолаверишини баён қилганди.

Устига устак, катта сондаги хорижий қўшинлар Афғонистонни буткул тарк этган бир йилда ярим йилга чўзилган сайлов бўҳрони ва янги Вазирлар Маҳкамасини ташкил этишдаги кечикишлар бутун Афғонистон бўйлаб Толибоннинг қайта фаоллашишига замин яратган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бунга қўшимча, Покистон Қуролли кучларининг қавмлар яшовчи ва турли жангари гуруҳлар бошпана топиб келаётган Шимолий Вазиристон минтақасида олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари ҳам сўнгги ойларда Афғонистондаги вазиятни издан чиқаришга хизмат қилмай қолмаган.

Худди шу манзарада минтақага Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳининг ҳам кўз тиккани маълум бўларкан, таҳлилчилар орасида Афғонистондаги вазиятнинг Ироқдагиси каби тус олиб кетишига оид жиддий хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Чунки айнан ҳам Покистон ва ҳам Толибон ҳаракатининг собиқ аъзолари "Исломий Давлат" гуруҳининг минтақадан ёллашга муваффақ бўлган илк жангарилари бўлишган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида таҳлилчилар ва ҳатто, айрим минтақа давлатлари раҳбарлари орасида ҳам бугун афғон можаросининг ечимини ҳеч ким билмаслигига оид хулосага келиб бўлганлари йўқ эмас.

Лекин, таъкидлаш жоиз, орада қўшни Хитой афғон можаросига ечим топишда янги воситачи ролини бажариш истагини ошкора баён қилган ва бунинг учун, ҳатто, ўзининг иқтисодий қудратини ишга солишга ҳам ҳозир эканини билдирганди.

Сўз эса, минтақада амалга оширилажак ва афғон можаросига алоқадор томонлар учун бирдек фойдали қиймати миллиардлаб долларлик иқтисодий лойиҳалар ҳақида бормоқда.

Ҳам иқтисодий ва ҳам ҳарбий жиҳатдан дунёнинг иккита қудратли давлатидан биттаси бўлган Хитойнинг ушбу баёноти ортидан, яқинда Афғонистон Толибон ҳаракатининг Пекинга сафар қилганига оид хабарлар ўртага чиққан ва толибларнинг ўзлари томонидан ҳам расман тасдиғини топганди.

Аммо ҳаракат ҳайъатининг Пекинга ташрифи чоғида Хитойнинг тинчлик музокараларида воситачилик қилиш масаласи муҳокама этилганини қатъиян рад этиб чиққанди.

Толибон ҳаракатининг ушбу раддиясига расмий Пекин бирор бир муносабат билдирмаган, бироқ куни-кеча Хитой Ташқи ишлар вазири қўшни Покистонга сафар қилиб, яна бир бор айни истакларини расман ва ошкора баён қилганди.

Афғонистон масаласида якуний сўзни айтиш қудратига эга АҚШ ҳам, агар воситачилик мақсадини кўзда тутса, Хитойнинг афғон можаросига аралашувига қарши эмаслигини билдирганди.

Хитой, бошқа томондан, ҳар икки Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга, деб кўрилувчи Покистоннинг ҳам иқтисодий ва ҳам ҳарбий жиҳатдан энг йирик иттифоқчиси саналади.

Афғонистон Толибон ҳаракати ва АҚШ томони бугун - пайшанба куни кечроқ Қатарда тинчлик музокараларига киришишармиш, деган янги хабарлар эса, худди ана шу манзарада ўртага чиққан.

Сўнгги ойларда пойтахт Кобулга устма-уст сафар қилаётган юқори мартабали Покистон ҳарбийлари ҳам Ғарбнинг айрим нуфузли ахборот агентликларига Афғонистондаги собиқ Толибон тузумининг айрим аъзолари ўзларига бу борада жиддий ишора беришганини даъво қилишганди.

Ҳаракат воизи Забиуллоҳ Мужоҳиднинг бироз аввал эълон қилган баёнотига таянилса эса, "бу ҳақда бир нечта масъулиятсиз оммавий-ахборот воситалари хабар тарқатишган", холос.

"Бизнинг Қатардаги идорамиз билан ҳеч ким боғлангани йўқ. Ўзимиз ҳам бирор бир музокарани режаламаганмиз. Шундай экан, бу хабарлар мутлақ ёлғон", - дея баён қилган ҳаракат воизи.

Ҳаракатнинг баёнотидан қисқа вақт ўтмай, АҚШ томони ҳам Қатарда толиблар билан музокаралар олиб боришларига оид хабарларни рад этиб чиққан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ