Президент Обама: АҚШ Исломга эмас, уни бузиб кўрсатаётганларга қарши

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Вашингтонда ўтаётган уч кунлик экстремизмга бағишланган анжуманда Президент Барак Обама айтишича, АҚШ Исломга қарши эмас, балки Ислом динини бузиб кўрсатаётганларга қарши урушмоқда.

"Биз Ислом билан урушаётганимиз йўқ. Биз Исломни бузиб кўрсатаётганлар билан урушаяпмиз", деб айтган Президент Обама.

Динга эътиқод қилганлар содир этган жиноятлар учун дин жавобгар эмас, деб уқтирган АҚШ президенти.

"Исломий Давлат" ва унга ўхшаган гуруҳларнинг раҳбарлари диний намояндалар эмас, террорчилар, деб айтган Президент Обама.

Экстремизмга бағишланган коференция арафасида Los Angeles Times рўзномасида жаноб Обаманинг катта мақоласи эълон қилинган.

Бу мақолада жаноб Обаманинг диний экстремизм ҳақидаги қарашлари ўз аксини топган.

"Ал-Қоида" ва "Исломий Давлат"га ўхшаган гуруҳлар коррупция ва адолатсизликдан ғазабланган, шу туфайли ўз ҳаётини яхшилашнинг бирор бир имкониятини кўрмаётган инсонларнинг ғазабларидан фойдаланмоқдалар", дейилади мақолад.

"Дунё бугунги ёшларга бундан-да яхшироқ нарсани таклиф қилмоғи керак. Инсон ҳуқуқларини поймол этаётган ҳукуматлар экстремизм тегирмонига сув қуймоқда", дейилади Америка президентининг мақоласида.

Бироқ экстремизмни ҳарбий куч билан енгиб бўлмайди, дея урғулаган Президент Барак Обама.

Ироқ ва Сурияда катта ҳудудни қўлга киритган "Исломий Давлат" жангари гуруҳига қарши кураш йўлида АҚШ коалиция барпо этди.

Бу коалицияга дунёнинг 60 тача мамлакати аъзо бўлиб кирган.

Вашингтондаги анжуманга ҳам 60 дан ортиқ мамлакат вакиллари ҳам таклиф этилганлар.

АҚШ маълумотларига кўра, Ироқ ва Сурияда "Исломий Давлат" ва бошқа жангари гуруҳлар сафида жаҳоннинг 100 мамлакатидан қарийб 20 минг хорижий жангари жанг қилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ