АҚШ Мудофаа вазири илк сафарини Афғонистондан бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption АҚШ Мудофаа вазири Афғонистон президенти билан

АҚШ Мудофаа вазири Аш Картер янги лавозимни эгаллаганидан бир неча кун ўтиб Афғонистонга сафар қилган.

У “мамлакатда тинчлик бардавом” бўлишини исташини айтган.

Аввал эълон қилинмаган бу сафар мобайнида Картер Афғонистондаги Америка қўмондонлари билан учрашади.

У ўзининг илк сафари Афғонистондан бошланганини мамлакатда қолаётган 10000 америкалик аскар “ёдига доим биринчи бўлиб тушиши” билан изоҳлаган.

Хорижий кучлар Афғонистонда жанговор амалиётларни ўтган йил декабр ойида тўхтатган, аммо Толибларнинг қонли ҳужумлари ҳамон давом этмоқда.

Афғонистондаги Америка қўшинлари эса фақат ўқув машқлари ўтказишади, афғон ҳарбийларига маслаҳат беришади.

Жаноб Картер Сешанба куни вазир ўлароқ қасамёд қилган эди.

“Биз Афғонистонда тинчлик бардавом бўлишини истаймиз, ана шу мақсадга қандай қилиб эришиш йўлларини кўриб чиқиш учун мен бу ерга келдим”, деб айтган Америка Мудофаа вазири.

Американинг ҳозирги режаларига кўра, қўшинлар сони 5500 нафарга қадар қисқариши керак.

Бу эса Республикачилар партияси томонидан танқид қилинмоқда.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳам Америка қўшинларининг олиб чиқилишида шошилмаслик тарафдори эканини айтганди.

Афғонистонга “Исломий давлат” гуруҳининг кириб келганига доир саволларга тўхталар экан, АҚШ Мудофаа вазири ўзи кўрган маълумотларда “уларнинг сони оз эканини” айтган.

Афғонистонда ўтган йил 2001 йилдан бери энг қонли экани айтилди.

5000 яқин хавфсизлик кучлари қурбон бўлди.

Тинч аҳоли орасида қурбонлар сони 22 фоизга ортди.

Толиблар ва ҳукумат кучлари ўртасида жангларда қурбонлар сони йўл четида ўрнатиладиган бомба портлашлари оқибати ўлганлар сонидан илк бор ошиб кетгани айтилди.

Бу ҳақда фикр-мулоҳазаларингизни uzbek@bbc.co.uk адресига йўлланг.Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02