Туркия Сулаймон Шоҳ мақбарасини кўчирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Туркия бош вазири катта сондаги ҳарбийлар ва зирҳли машиналар Сурия шимолидаги тарихий Усмонли мақбараси ва уни қўриқлаётган аскарларни муваффақиятли равишда кўчириб олиб чиққанликларини тасдиқлаган.

Биринчи усмонли подшосининг отаси бўлган Сулаймон шоҳ мақбараси 1921 йилги шартномага биноан, Туркия ҳудуди саналади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сулаймон Шоҳнинг мақбараси навбати билан алмашиб турадиган тахминан 40 ҳарбий томонидан қўриқланади.

Туркия аскарлари мақбарани кўчириш ва аскарларни олиб чиқишни курдлар билан келишган ҳолда амалга оширганлар.

Турк қўшинларининг катта карвони, жумладан 39 танк Кобани шаҳри орқали Турк зиёратгоҳи томон йўналган.

Ушбу ҳудудда "Исломий давлат" ва курд жангчилари ўртасида қақшатқич жанглар кечганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кобани ўтган ойда Сурия курдлари томонидан озод қилинди.

Кобани шаҳри Фрот дарёси қирғоғидаги Сулаймон Шоҳ қабридан 35 чақирим масофада жойлашган.

Тарихчиларга кўра, Усмонийлар империяси асосчисининг бобоси Сулаймон Шоҳ дарёдан ўтаётиб ҳалок бўлган.

Туркия Ташқи Ишлар вазирлиги билдиришича, шоҳнинг ҳоки Туркия чегарасига яқин жойга келтирилган. Бу уни қўриқлашни анча енгиллаштиради.

"Исломий давлат" бундай зиёратгоҳларга қарши чиқиб, уларни Исломга ёт деб атайди ва нафақат биноларга, инсонларга ҳам шафқатсиз ҳаракатларни қўллаб келади.

Сурия ва Ироқда катта ҳудудларни назоратига олган Исломий давлат, ўзи босиб олган ерларда ҳалифалик эълон қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02