Путин: Украина билан уруш бўлмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kremlin.ru

Президент Путин Украина билан уруш бўлиши эҳтимолига ишонмаслигини ва бундай сценарийни апокалиптик эканлигини айтган.

"Мен ўйлайманки, бундай апокалиптик режа бўлиши мумкин эмас ва умид қиламанки, вазият бунга қадар етиб бормайди",- деган Путин Россия-1 телеканалига берган интервьюсида. Суҳбат тўлиқ ҳолда Украинадаги воқеаларига бағишланган.

Шу билан бирга Россия раҳбари Украина ҳукумати мамлакат жануби-шарқидаги аҳоли билан муносабатларни йўлга қўйиши кераклигини урғулайди.

"Оврўпонинг Украина каби йирик давлати энг аввало мамлакатда нормал ҳаётни қайтариши лозим, иқтисодни, ижтимоий соҳаларни яхшилаш, жануби-шарқликлар билан муносабатларни цивилизациялашган тарзда йўлга қўйиб олиши керак. Одамларнинг қонуний ҳақлари таъминланиши керак, мисол учун Донбассда яшайдиган аҳолининг",- дейди Путин.

Киев ва Ғарбнинг кўплаб айбловларига қарамасдан, Москва Украина шарқидаги воқеаларга қандайдир тарзда алоқаси борлигини рад қилиб келади.

Қримни қайтарилиши- реванш

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

"Воскресный вечер с Владимиром Соловьевым" кўрсатувида Владимир Путин шунингдек, Украина шарқида оташкесим амал қилиши учун "норманд тўртлиги" доирасида яна бир учрашув ўтказилишидан маъни йўқлигини билдирган. Унга кўра, Минскдаги келишувларнинг қандай бажарилаётганини кузатиш ва унга амал қилиш кифоя.

Айни пайтда у ўзининг Франция Президенти Франсуа Олланд ва Олмония канцлери Ангела Меркел билан муносабатларида ишончсизлик сақланиб қолаётганини ҳам тан олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

"Бутунлай ишончни ҳар бир оилада ҳам топиш қийин, халқаро даражада бу яна ҳам мураккаброқ. Бироқ менинг назаримда, умуман олганда бир-биримизга ишонамиз, албатта қандайдир бир жиҳатларда ишончсизлик мавжуд", деб айтган жаноб Путин. Лекин менда шундай тасаввур борки, биз нима бўлганда ҳам ҳамкорлармиз, ишончсизликдан кўра, ишонч, бизнинг самимийлигимизга ишонч бор".

Украина Президенти Пётр Порошенконинг "Қримни албатта Россиядан қайтариб олиш" ҳақидаги мурожаатини Путин "реванш кўринишидаги нарсалар"га қиёслаган.

Бундан ташқари Путин Киевнинг ўтган йил февралида Майдандаги отишмаларда Кремлнинг қўли бор, деган мурожаатини бемаънилик, деб атаган.

"Бу бутунлай, ҳақиқатдан йироқ бўлган ўта бемаънилик, ҳатто бундай гаплар қаердан пайдо бўлади деб ажабланасан".

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ўтган ҳафтада Президент Порошенко Россия Президенти ёрдамчиси Владислав Сурковни Майдандаги ўтишмага алоқадор, деган баёнот билан чиққанди.

Давлат мукофотларини топшириш маросимида жаноб Порошенко Украина Хавфсизлик Хизмати ва Бош прокуратура Майдондаги воқеаларда Россиянинг изи борлиги ҳақида аниқ маълумотларга эга эканини билдирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02