Мухолифат ва Ғарб Немцов қотиллари топилсин демоқда

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Борис Немцовнинг ўлдирилиши Россия ва хорижда яшин тезлигида тарқалди.

Россия президенти Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, бу "шафқатсиз қотилликда буюртма қотилликнинг барча аломатлари бор ва иғвогарона табиатга эга", деб айтган.

Владимир Путин мухолифат арбоби Борис Немцов қотиллигини текшириш бўйича махсус қўмита тузишни буюрган. Айни қўмита шахсан Путинга ҳисоб беради.

АҚШ президенти маъмурияти ҳам Немцовнинг ўлдирилишини қоралаган.

"Биз Борис Немцовнинг шафқатсизларча ўлдирилишини қоралаймиз ва Россия ҳукуматини айни қотилликни фош этиш бўйича жадал, холис ва очиқ тергов бошлашга чақирамиз. Унинг ўлимида айбдорлар одил маҳкама ҳукмига ҳавола этилишлари керак", дейилади Оқ Уй баёнотида.

Президент Обама ҳам Немцовнинг ўлдириб кетилишини "шафқатсиз қотиллик" дея қоралаган.

Обамага кўра, марҳум россияликлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган тиним билмас арбоб эди.

Олмон канслери Ангела Меркелга кўра, Борис Немцов Россия ҳукуматини очиқчасига танқид қилган жасоратли шахс эди.

Россия мухолифати вакиллари Москванинг узоқ туманларидан бирида 1-мартга мўлжалланган норозилик намойиши ҳозирги вазият манзарасида бўлиб ўтмаслиги ҳақида айтишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Аммо Москва марказида мухолифат вакиллари Немцов хотирасига йиғин ўтказиш тадоригидалар.

Мухолифат айни қотиллик сиёсий эканига шубҳа қилмаслигини айтган.

Марҳумнинг яқин сафдошларидан Иля Яшиннинг айтишича, " Немцовни фақатгина Украинада Россия қўшинлари иштирокида беқарорлик яратиш амалларини текшираётгани учун" ўлдирган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас.

"РПР-Парнас" раисдоши Андрей Пивоваров эса айни қотилликдан ягона мақсад мухолифатни қўрқитишдир деган фикрда.

" Бу қотиллик тижорат билан алоқаси йўқ, чунки Немцов тужжор эмас эди, унинг шахсий муаммолари ҳам йўқ эди. Унинг ўлимига сиёсий фаолияти сабаб бўлган деб ҳисоблайман", деб айтган Борис Немцов манфаатларини ҳимоя қиладиган ҳуқуқшунос Вадим Прохоров.

Кремл остонасида тўкилган қон

Image caption Кремл остонасидаги қотиллик

27 феврал тунда Россиядаги етакчи мухолифатчи сиёсатчи, собиқ бош вазир ўринбосари Борис Немцов Москвада отиб ўлдирилган.

Борис Немцов етакчиси бўлган мухолифатдаги "РПР-Парнас" партияси фаоли Илья Яшин у билан "Новости" ахборот агентлиги мухбирлари боғланган пайтда Немцов жасади олдида турганини айтган.

"Мен ҳозир, афсуски, рўпарамда Бориснинг жасадини кўриб турибман", деб айтган Илья Яшин.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, оқ автомобилда бўлган номаълум шахс тўппончадан Борис Немцовга қарата тўрт марта ўқ узган.

Ички ишлар вазирлиги қотилни тутиш мақсадида махсус амалиёт бошланганини маълум қилган.

Қотиллик мухолифат Москвада 1 март куни режалаган норозилик юриши олдидан рўй берган.

Россия Коммунистик партия раҳбари Геннадий Зюгановнинг фикрича, "Немцов ўлими Россияга қарши қаратилган бузғунчиликдир".

Олдинроқ Немцов ўзининг "Украинадаги урушга қарши позицияси учун" ўлдирилиши мумкинлиги ҳақида ҳам гапирган.

Ғарб давлатлари раҳбарлари Немцовнинг ўлимини қоралаганлар, Оврўпо Кенгаши бош котиби жаноб Ягланд "Немцовнинг отиб кетилишидан шокка тушган"ини ёзган ва қотиллар топилиши кераклигини айтган.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Сара Райнсфорднинг Немцовнинг ҳимоячига иқтибосан айтишича, Немцов охирги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали ўлим таҳдидлари олган.

Немцов Москванинг Украинага нисбатан сиёсати ва Қримнинг аннексияни қаттиқ қоралаган. Путинни очиқ танқид қилиб келганди.

Путин қотиллик текширувини шахсан назорат қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Путин ўзининг ашаддий танқидчиси ўлдирилгани юзасидан терговни назорат қилади

Президент Путин бу қотилликни қоралаб, тергов жараёнини шахсан ўзи назорат этишини айтган.

Терговчилар ҳозирданоқ, айни қотиллик Россияда "беқарорлик" келтириб чиқиш ниятида амалга оширилган дейишмоқда.

Россия президенти ҳузурида тузилган айни тергов қўмитаси раҳбарига кўра, қотиллик бўйича бир неча фаразлар кўриб чиқилмоқда, улар орасида марҳумнинг Украина билан алоқалари ва "исломий экстремизм" ҳам бор.

Аммо Борис Немцовнинг ўлдириб кетилишига аксарият томонидан унинг Владимир Путин сиёсатига қарши экани борасидаги тахмин кўриб чиқилаётгани йўқ.

Борис Немцов 55 ёшда эди.

У 1991 йилда Нижний Новгороднинг илк губернатори бўлган.

Ҳудудда ўтказган муваффақиятли иқтисодий ислоҳотлари туфайли кўпчиликка ислоҳотчи сифатида танилган.

Президент Борис Елцин 1997 йили Немцовни Россия ҳукуматига олиб келади.

Бирмунча муддат Бош вазир биринчи ўринбосари Борис Немцов Борис Елциннинг сиёсий вориси сифатида ҳам кўрилган.

Владимир Путин ҳокимиятга келган 1999 йилдан кейин Борис Немцов Путиннинг ашаддий танқидчисига айланган.

Унинг ортида тўрт нафар қизи ва 87 яшар онаси қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ