Машҳур турк ёзувчиси Яшар Камол вафот этди

Туркиянинг энг таниқли ёзувчиларидан Яшар Камол 92 ёшида Истанбулдаги шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Шифокорларга кўра, атоқли адибнинг ўлимига юрак хасталиги ва нафас етишмаслиги сабаб бўлган.

Асл исми Камол Содиқ Гўкчели бўлган Яшар Камол Туркиянинг Нобел мукофотига номзод бўлган биринчи ёзувчиси эди.

Унинг асарлари дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган.

Туркия жануби-шарқида туғилган ва курд миллатига мансуб бўлган Яшар Камол 1955 йилда чоп этилган биринчи романи "Озғин Мемед" билан ном қозонган.

Роман дунёнинг 40 тилига ўгирилган.

Яшар Камолнинг 9 та романи экранлаштирилган.

Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли "буюк ёзувчи ва санъаткор"нинг ўлимидан қайғуга тушганликларини айтган.

Довутўғлига кўра, Яшар Камол "ўзгача қарашини ҳимоя қила олган ва қанчалик қийин бўлмасин, ҳақиқатни айтишдан чекинмаган" адиб эди.

Яшар Камол болалигида бахтсиз тасодиф туфайли ўнг кўзидан айрилган ва беш ёшлигида отасининг асраб олинган боласи томонидан ўлдирилишига гувоҳ бўлган.

Ёзувчиликни қишлоқнинг саводсиз одамларига хатлар ёзиб беришдан бошлаган.

Кейинроқ журналистика соҳасида ишлаган ва йирик адиб бўлиб етишган.

Унинг ўзи "инсон ва табиат" ҳақида ёзгани ва асарлари "ишчилар синфига хизмат қилгани"ни айтган.

"Мен инсонларга зулм қиладиганлар ва уларни эзувчиларга қаршиман. Кимки одамларнинг бахтига ғов бўлса, мен уларга асарларим ва бутун ҳаётим билан қарши чиқаман", деб айтган Яшар Камол.

Image caption Яшар Камол ва унинг ношири Эрдол Ўз 1990-йилларда курд бўлгинчилигига хайрхоҳлик айблари билан маҳкамага тортилганлар

Яшар Камол ва унинг ношири Эрдол Ўз 1990-йилларда курд бўлгинчилигига хайрхоҳлик айблари билан маҳкамага тортилганлар.

Ўзини "курд асллик турк ёзувчиси" дея таърифлаган Яшар Камол Туркияда миллий озчиликлар, айниқса, курдларга нисбатан ўз таъбирича, ирқчиликни қоралаган мақоласи учун 20 ойлик шартли қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: +44 7858 860002