Анна Дурицкая Немцов ўлимига оид маълумотларни эслолмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бориц Немцов ўлдирилишидан олдин Москворецк кўпригида унинг ёнида бўлган ягона гувоҳ украиналик фотомодел Анна Дурицкая ҳодиса тафсилотларини гапирган. Бироқ у кўп нарсаларни эслай олмаслигини айтган Россия оммавий ахборот воситаларига.

У ўзининг оғир руҳий ҳолатдалигини ва ким бу қотилликни содир этиши мумкинлиги ҳақида тахмин қилолмаслигини қайд этган "Дождь" телеканалига берган интервьюсида.

Дурицкая хонимга кўра, Россия тергов қўмитаси ходимлари унинг ҳаракатини тўлиқ назорат остига олган ва Украинага, касал ётган онаси ёнига кетишига рухсат беришмаяпти. Шунингдек, у Украина консули билан кўришишга рухсат берилмаганидан шикоят қилган.

"Расман мени қўйиб юборишлари керак. Чунки мен гумонланувчи эмас, гувоҳман. Улар сабабини тушунтиришмаяпти, менинг орқамдан қўриқчи қўйилган, Украинага кетиш имконим йўқ", деб айтган Дурицкая.

Дурицкая Немцовнинг мотам маросимига бормаслигини, бу қарорни ўзи қабул қилганини билдирган.

Дурицкая Немцов билан уч йилдан буён таниш бўлгани, ГУМдаги Bosco кафесида ўтирганлари ва тахминан 23:15 ларда Малой Ордынкадаги Немцов уйига қараб пиёда йўлга тушганларини гапиради. Немцовга ўқ узган одам унинг орқасида бўлгани учун кўра олмаган.

"Мен воқеа жойидан кетган машинани кўрдим, лекин номери, маркаси, ранги ҳақида ҳеч нарса дея олмайман", дейди Дурицкая "Эхо Москвы" радиостанцияси мухбирига.

Дурицкая "Тез ёрдам" ва полиция номерини сўраш учун ўтиб кетаётган машинага қараб югурган. Ҳайдовчи унга ёрдам берган, бироқ ўзи шок ҳолатида бўлгани сабабли уни ҳам эслай олмаслигини айтади Дурицкая.

Қотиллик рўй берганда видеокамера муҳрлаган тасвирдаги одамлар ҳақида ҳам ҳеч нарса эслай олмайди. Дурицкаянинг айтишича, полиция жуда тез етиб келган ва ўзи полиция машинасида ўтиргани учун "тез ёрдам" қачон келганини кўрмаган.

"Нимани билсам ҳаммасини гапирдим"

Фото муаллифлик ҳуқуқи TV Rain
Image caption Украиналик моделнинг сўзларига қараганда, қотилликдан кейин уни етти соат сўроқ қилишган.

Украиналик моделга кўра, уни етти соат сўроқ қилишган. Ҳозир ҳам суриштирув ишлари давом этяпти. У ўзи нимани билса, ҳаммаси ҳақида гапириб берган.

Дурицкая айни пайтда Немцовнинг дўстлари квартирасида яшаётгани, лекин ташқарида полиция қўриқлаётгани, ўзини шаҳарга мустақил чиқишга қўйилмаётганидан норози бўлган.

"Мен тушунмаяпман, нима учун мени онамни олдига кетишимга қўйишмаяпти. Улар мен мамлакатдан чиқиб кетишга ҳаққим борлигини айтишяпти, лекин аслида мени ушлаб ўтиришибди".

"Онам оғир аҳволда, мен полицияга нимани билсам айтдим, лекин нега қўйворишмаётганини тушунмаяпман".

"Дурицкаянинг тахминича, уни полиграф сўроғидан ҳам ўтказишлари мумкин. Бироқ ҳимоячисига кўра, бундай жараённи улар рад қилишади.

"Агар сўроқда янги кўрсатмалар бўлмаса ва айтилганларнинг ростлигини тасдиқлаш керак бўлса, биз бу жараёндан ўтишни рад қиламиз. Аннанинг рост гапираётганига шубҳа йўқ. Кейин у ҳозир шок ҳолатда ва полиграф яна ҳам бу ҳолатни кучайтиради", дейди адвокат Прохоров.

Айни пайтда 27 февралда Москва марказида ўлдириб кетилган Борис Немцовнинг ўлимида бир неча тахминлар илгари сурилган.

Немцовнинг сиёсий фаолияти, Украинадаги воқеалар ва Шарли Ҳебдо журнали карикатураларига нисбатан билдирган мавқеи бундай тахминлар сифатида келтирилмоқда.

Шунингдек, Москва шаҳар ҳокимияти Немцов ўлими пайти кўприкдаги видеокамера ремонт ишлари боис ўчириб қўйилгани ҳақида тарқалган хабарларни рад қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ