Москва Борис Немцов билан видолашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Москванинг Сахаров марказида 27 феврал тунида отиб кетилган таниқли мухолифат лидери Борис Немцов билан видолашув маросими бўлиб ўтган.

Би-би-сининг Москвадаги мухбирига кўра, маросимда минглаб одамлар иштирок этишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Немцовнинг онаси Дина Эйдман.

Марказ атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Маросимга келганлар орасида Россиянинг биринчи президенти Борис Елциннинг рафиқаси Наина Елцина, Немцовнинг сафдошлари ва дўстлари- Ирина Ҳакамада, Григорий Явлинский, Владимир Рижков, Генри Резник ва бошқалар бор.

Ҳукумат вакилларидан Бош вазир ўринбосари Аркадий Дворкович, Қишлоқ хўжалик вазири Николай Фёдоров, президент маъмурияти вакили Сергей Приходько, Бош вазир Дмитрий Медведевнинг матбуот котиби Наталья Тимаковалар келишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хайрлашув маросимида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан вакиллар қатнашишган.

Россиядаги АҚШ элчиси Жон Тефт ва Британиянинг собиқ элчиси Жон Мейжорлар Немцов хотирасига ҳурмат бажо келтиришган. Жон Мейжор жумладан, Немцов ўлими сабабларини аниқлаш шаффоф тарзда олиб борилишига чақирган, "Мен Немцов билан кўп маротаба учрашганман. Бу менинг Москвага энг қайғули сафаримдир", деб айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Украина Президенти Пётр Порошенко Немцовни Озодлик ордени билан мукофотлаган. Унинг айтишича, Немцов Украина ва Россия озодлиги учун курашган ва Украина озодлигисиз Россия ҳам озод бўлмаслигини тушунар эди. "Бизнинг ва Сизнинг озодлигингиз учун!"- бу Немцовнинг ҳаётий шиори эди. Шунинг учун мен уни ўлимидан сўнг Озодлик ордени билан мукофотлашга қарор қилдим",- дейди Порошенко.

Борис Немцов хайрлашув маросимига келган унинг яқин дўсти ва сафдоши Иля Яшин "Боря ўзининг мақсадлари учун ҳаётини бахш этди. У қаҳрамонларча кетди... Боря ҳамиша биз билан ва биз унинг ишини ниҳоясига етказамиз. Россия у фахрланадиган мамлакатга айланади", деган Илья Яшин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бироқ Немцовнинг ҳамма ҳамфикрлари ва дўстлари у билан видолашиш имконига эга эмаслар.

15 кунга қамалган мухолифатчи Алексей Навалнийнинг маросимда қатнашиш сўровини Пресненск туман маҳкамаси рад қилган.

Немцовнинг собиқ сафдошлари Гарри Каспаров ва Сергей Гуриев хавфсизлик юзасидан Россияга кела олмасликларини билдиришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Би-би-си мухбири Рафаэл Исааковнинг айтишича, маросимга ажратилган вақт чеклангани боис, ташриф буюрганларнинг ҳаммаси Немцов билан видолашишга улгурмаганлар ва вақтни узайтиришни сўраганлар.

Бироқ ташкилотчилар марҳумнинг оила аъзолари чарчаганларини айтиб, видолашув маросими тугагани билдиришган.

Мухбиримизга кўра, Москва яқин орада видолашув маросимига бу қадар кўп инсон келганини кўрмаган эди.

Одамларнинг аксарияти кўз ёшларини тия олмаганлар, Немцов ўлганига ишона олмасликларини айтганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EVN

Уларнинг сўзлашича, ҳокимиятдалигида танилиб, мухолифатчи сифатида ҳалок бўлган сиёсатчи Россия жамиятида бирлаштирувчи бўлиши мумкин эди, лекин бунга имкон бермадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Борис Немцов сешанба куни соат 15.00 да Москвадаги Троекуровск қабристонига дафн этилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ