АҚШ: Россияга қарши санкциялар ўз кучида қолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Президент Барак Обама Россияга қарши жазо чораларини яна бир йилга узайтирган. Бу ҳақда Оқ Уй сайтида эълон қилинган.

Москвага илк санкциялар 2014 йилнинг март ойида, Қрим аннексиясидан кейин киритилган эди.

Обамага кўра, Москва ўзининг Украинага нисбатан ҳаракатлари билан миллий хавфсизлик ва АҚШ ташқи сиёсатига таҳдид солмоқда.

Шунингдек, Москванинг сиёсати Украинадаги демократик жараёнларга, тинчлик ва хавфсизликка, барқарорлик ва ҳудудий яхлитликка таҳдиддир.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқининг Россияга жазо чоралари 2014 йил давомида бир неча босқичлар бўйича киритилди. Улар Россиянинг энергетика, молия ва мудофаа соҳаларидаги қатор ширкатларига, шунингдек, алоҳида жисмоний шахсларга нисбатан жорий этилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бундан ташқари АҚШ ва ОИ раҳбарлари Украина шарқида Минск келишуви шартлари бажарилмас экан, жазо чоралари кенгайтирилишидан огоҳлантирганлар.

Жумладан, Россия Украинадаги россияпараст бўлгинчиларга таъсир ўтказиши ва оташкесимга амал қилиниши талаб этилади.

Россияга қарши чораларнинг юмшатилиши Минск келишуви тўлиқ амалга ошишига бевосита боғлиқдир, дея таъкидланади Оқ Уй мурожаатида.

Украинадаги вазият АҚШ, Франция, Олмония, Италия раҳбарлари ҳамда Оврўпо кенгаши раиси Доналд Туск иштирокидаги видеоанжуман мавзуси бўлган.

Украина ҳукумати иддаосича, бўлгинчилар ҳозирги жимжитликдан фойдаланиб Мариуполга бостириб кириш учун тайёрланмоқда.

Киев ва Ғарб Россияни бўлгинчиларга ҳарбий ёрдам бераётганликда айблайди. Москва буни рад қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Охирги марта Россия, Олмония, Франция ва Украина президентлари иштирокида Минскда ўтган учрашувда Украина шарқида оташкесимга келишилган. Украина армияси ва бўлгинчилар жабҳалардан энг аввало оғир қуролларини олиб чиқишлари талаб қилинган.

ОХҲТ кузатувчиларига кўра, ўт очишлар ҳар икки томонлан баъзида содир этилаётган бўлсада, умуман олганда келишувга амал қилинмоқда. Оғир қуроллар олиб чиқиляпти.

Бироқ БМТнинг икки кун олдин эълон қилган ҳисоботига кўра, оташкесимдан сўнг Украина шарқида мингга яқин инсон ҳалок бўлган.

Тинч фуқаролар ҳануз ертўлаларда яшаб келишмоқда.

Халқаро Амнестия Донецкдаги инсонлар билан боғлиқ вазият абгор даражада эканлигини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ