Донбасс кўмир конидаги портлашда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Украина шарқидаги Донецкдаги кўмир конида портлаш рўй берган.

Россияпараст исёнчилар фавқулодда ҳолат хизмати хабар қилишича, ўттиздан зиёд инсон ҳалок бўлган.

Портлаш Засядко номидаги конда, 1230 метр чуқурликда юз берган.

70 дан ортиқ шахтёр ер остида қамалиб қолганлар.

Касаба уюшмасидан билдиришларича, портлаш пайтида конда 207 кўмирчи бўлган.

Портлашга метан гази чиққани сабаб бўлгани хабар қилинмоқда.

Конлар аҳволи назоратига масъул Владимир Цимбаленкога иқтибосан хабар қилишларича, қутқарувчилар портлаш рўй берган жойдан газни чиқариб олишни бошлаганлар.

Шахта ичи газдан тозаланган сўнг қутқарувчилар пастга тушишлари хабар қилинган.

Мустақил касаба уюшмаси раҳбари Михаил Волинец фикрича, ҳозир бўлгинчилар ҳокимиятида қутқарув ишларини амалга ошириш имконияти етарли эмас.

Засядко кўмир кони Донбасс тарихидаги энг ҳалокатли портлаш юз берган кон ҳисобланади.

2007 йили 18 ноябр куни кондаги портлаш оқибатида 101 кўмирчи ҳаётдан кўз юмган эди.

Бахтсиз ҳодисалар оқибатида Засдко шахтасида 1999 йилдан буён 230 кончи ҳалок бўлган.

Донецк бутун қиш давомида Украина армияси ва бўлгинчилар ўртасидаги қақшатқич жангларга саҳна бўлди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ