Эркаклар бурқада аёллар ҳимоясига чиқишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Афғонистонда бурқадаги аёлларга ҳар қадамда тўқнаш келасиз, аммо бурқада бўлган эркак...ноёб воқеълик.

Худди шу боисми, афғонистонлик ўнлаб фаол эркаклар хотин-қизларга қарши маиший зўравонликка одамларнинг эътиборини тортиш учун айнан шу йўлни танлашди.

Афғонистондагидек ўта анъанадор ва эркаклар якуний сўзни айтувчи бир жамиятда аёлларнинг бурқасини ёпиниб, пойтахт Кобул кўчаларига чиқишди.

Одамларнинг муносабати ҳам шунга яраша бўлди: Уларни бу ҳолда кўриб, кўпчиликнинг қоши чимирилди, аммо фаоллар ўз мақсадларига етишиб, кўча-куйдаги ҳамманинг эътиборини ўзларига тортишга муваффақ бўлишди.

Бу каби ўзига хос ва ғаройиб кампания нақ 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида уюштирилди.

Яқинда эркакларнинг кўча-куйдаги тегажоқликларига қарши афғонистонлик санъаткор ва фаол Кабрий Ходимий хонимлари ҳам ғаройиб бир амалиётга қўл урган, метал совут кийиб олиб, пойтахт кўчаларига чиққанди.

Кабрий хонимларининг атрофидаги ҳаммани лолу ҳайрон қолдиргани акс этган суратлари эса, турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам “қўлма-қўл” бўлиб кетганди.

Толибон тузуми қулатилганидан 14 йил ўтиб ҳам, хотин-қизларга қарши маиший зўравонликлар Афғонистон қаршисида турган энг долзарб муаммолардан бири саналади.

Аёллар ўз эрлари ва уларнинг яқинлари томонидан энг оғир кўринишдаги жисмоний зўравонликларга учраши, яъни дўппосланиши, лаб ва бурунлари кесилиши, кислота ҳужумига учраши, таҳсилдан мосуво қолиши ва ишлашларига изн берилмаслиги ҳам шулар жумласидандир.

Агар, маҳаллий фаолларнинг сўзларига таянилса, айнан маиший зўравонликлар бугун афғон хотин-қизларини ўз жонларига қасд қилишга ундаётган асосий омиллардан бирига ҳам айланган.

Афғон хотин-қизларини бурқага Афғонистонда Исломий Амирликка асос солган 90-йиллар охирларида толиблар киритган.

Айнан ўша йиллари бурқа Толибон тузумининг хотин-қизларга нисбатан муносабатининг рамзига ҳам айланган.

Аммо ҳозир ҳам ўз хавфсизликларини ўйлаб, бурқада юрган хотин-қизлар Афғонистонда оз эмас.

Толибон тузуми 2001 йилда қулатилган бўлса-да, афғон можароси ҳануз ўзининг якуний ечимини топмаган.

Бутун мамлакат бўйлаб толиблар ва бошқа қуролли гуруҳлар қайта фаоллашишга муваффақ бўлишган.

Улар ҳар қандай тинчлик музокараларида ҳам ҳали-ҳануз ўз сўзларини айтиш мавқеида.

Мавжуд ҳолат ҳозир афғон хотин-қизлари орада эришишга муваффақ бўлган бирозгина ютуқни ҳам чиппакка чиқариб юбормасмикан, деган хавотирларни пайдо қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бурқадаги намойиш ташаббускори бўлган “Афғон Тинчлик Кўнгиллилари” гуруҳи аъзоларидан бирининг айтишича, “хотин-қизларнинг аҳволини ҳис этишнинг энг мақбул йўли – бурқада юриб кўришдир”.

Аллақачон ўз “тажрибалари” билан ўртоқлашишга улгурган бошқаларига кўра эса, “бурқа – нақ қамоқхонанинг ўзи экан”.

Улар эса, ўз қўлларида “Тенглик” ва “Аёлларга нимада юришни айтишнинг ўрнига, кўзингизни четга тортинг”, деган шиорларни ҳам кўтариб олишган.

Аммо бурқадаги эркакларнинг ғаройиб намойиши ҳам аёллар ва ҳам эркакларнинг қоришиқ муносабатларига сабаб бўлган.

Кимдир кулган, бошқаси ҳайратга тушган, яна бири эса, хотин-қизларга эркинлик берилиши – фоҳишабозликка ундашини айтган.

Агар, сўнгги намойишга гувоҳ бўлган кобуллик хотин-қизларнинг фикрлари бир жойга жамланса, нима кийиш ёки нимада юриш ўзларининг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари бўлиши керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ