Немцов қотиллиги гумондорлари судга олиб келинади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Борис Немцовни ўлдиришда гумон қилиниб жума оқшомида қўлга олинган Заур Дадаев ва Анзор Губашев Москвадаги Басманный туман маҳкамасига якшанба куни олиб келинишлари кутилади.

Маҳкама уларнинг ҳибсга олиниши борасидаги расмий сўровномани кўриб чиқади.

Шанба куни Россия телевидениесининг Биринчи канали орқали ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) директори Александр Бортников мухолифат лидери Немцовнинг қотиллигида гумон қилинган икки киши қўлга олинганини эълон қилди.

Улар Ингушетия республикаси ҳудудида ФСБ ходимлари томонидан ушлангани айтилди.

Кейинроқ маълум бўлишича Немцовнинг қотиллигига алоқадорликда яна икки киши қўлга олинган. Улардан бири Дадаев билан машинада бўлган киши, иккинчиси эса Губашевнинг укасидир.

Айни дамда Грозныйда полиция қўлга олишга уринган шахс ўзини граната билан портлатиб юборгани хабар қилинди. Интерфаксга кўра, бу ҳодиса Немцовнинг ўлдирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ингушетия ҳукумати Губашев ва Дадаевлар Ингушетияда охирги 10 йил ичида яшамаганларини билдирди.

Айтилишича, Дадаев қўшни Чеченистондаги "Север" батальонида қўмондон муовини бўлган, Губашев эса Подмосковьедаги гипермаркетда қоровул бўлиб ишлаган. Улар қариндош эканлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқамоқда.

Мухолифат ва инсон ҳақлари фаоллари гумондорлар ҳибсга олиниши ҳақидаги хабарни босиқлик билан қабул қилганлар. Уларга кўра, нафақат қотилларни, балки қотилликни буюрганларни топиш аниқлаш муҳимдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02