Ўн кун кўринмаган Путин қайта пайдо бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия Президенти Владимир Путин 5 мартдан бери илк марта омма олдида кўриниш бериб, ўз саломатлиги ҳақидаги мишмишларга чек қўйди.

У Санкт-Петербургда Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашди.

Ўз соғлиғи ҳақидаги саволга жавоб бера туриб у: "Мишмишларсиз ҳаёт зерикарлик бўлган бўларди", - дея жавоб берган.

Аввалроқ жаноб Путин Россия денгиз қўшинларини Арктикада жанговор ҳолатга келтирилишига буйруқ берган.

Россия маълумотига кўра, ҳарбий машғулотларда 56та ҳарбий кема ва 38 минг аскар иштирок этади.

Россия 24 телевизион хабарлар дастури жаноб Путиннинг учрашувда иштирок этаётгани акс этган қисқа ва садосиз видеони кўрсатди.

Санкт-Петербургдаги учрашувдан ёзилган твитга кўра, жаноб Атамбаев Путин уни машинада кичик сафарга олиб чиққани ва унинг саломатлиги аъло даражада эканини тасдиқлашини айтган.

Кремль воизи Дмитрий Песковнинг айтишича, Атамбаев жанобларининг қизи Санкт-Петербургда ўқиётгани учун учрашув айнан шу шаҳарга белгиланган.

Жаноб Путиннинг жамоатчилик кўзидан 10 кун йироқда бўлиши ғайриоддий бўлиб, кўплаб мишмишлар урчишига сабаб бўлди. У қаттиқ касал бўлгани, Кремль ичида ғалаёнга юз тутгани ва ҳатто никоҳсиз фарзанди туғилиши билан овора экани борасида хабарлар тарқалди.

Мишмишлар Путиннинг ўтган пайшанба ва жума кунларига Қозоғистонга мўлжалланган сафари кечиктирилиши ортидан тарқалди. У охирги марта 5 мартда Италия Бош Вазири Маттео Ренци билан учрашувида кўриниш берганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02