Британия: Россия Украинага ҳали ҳам таҳдид солмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Россия Украинага нисбатан сиёсатини ўзгартирганига ҳеч қандай ишора йўқ. Бундай баёнотни Британия Ташқи ишлар вазири Филип Ҳаммонд Би-би-си билан суҳбат чоғида қилди.

Британ ташқи ишлар вазири Минскда эришилган тинчлик келишуви ортидан Украина шарқидаги зўравонлик даражаси сусайганини тан олди.

"Янги келишув имзоланиши ортидан зўравонлик камайди, лекин мен жаноб Путиннинг стратегик мақсадларида ҳеч қандай ўзгаришни кўрмаяпман. Савол шуки, у ўз мақсадларига эришиш йўлида қандай усулларни қўллайди", - деди Ҳаммонд.

Унинг айтишича, Владимир Путиннинг Украина борасидаги мавқеида ҳеч нима ўзгармаса, Британия ва Россия ўртасидаги муносабатлар "тиканли" бўлиб қолаверади.

Ҳаммонд фикрида, Москва Ғарб билан шериклик эмас, балки стратегик рақиблик йўлини танлаган.

У, шунингдек, Украинада вазият ёмонлашадиган бўлса, Россияга қарши қўшимча жазо чоралари киритилиши мумкинлигини билдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02