‘Исломий Давлат’нинг қўли афғон героинига ҳам етди’ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бундай даъво билан Россия Гиёҳванд моддалар айланишини назорат қилиш бўйича Федерал хизмати раҳбари чиққан.

Виктор Иванов Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи бугунги кунда афғон героини контрабандасидан йилига бир миллиард АҚШ долларигача даромад қилишини даъво қилган.

Ўз навбатида, афғон героини ҳозирга келиб дунёдаги энг қудратли бу жангари ва жиҳодчи гуруҳнинг молиявий манбаларидан бирига айланганини баён қилган.

Россиялик юқори мартабали мулозимнинг иддао этишича, Оврўпога етказилаётган героиннинг ярми ҳозир “Исломий Давлат” ҳиссасига тўғри келади.

Жаноб Ивановнинг жума кунги сўзларига ишонилса, “Исломий Давлат” беқарорликлар ичида бўлган Ироқ ва яна айрим Африка давлатлари орқали афғон героинини Оврўпога етказади.

Россиялик расмий, ўз ўрнида, Афғонистондан келаётган героин оқимининг кўламидан хавотир билдириб, бу йил Афғонистонда кўкнори ҳосили рекорд даражада бўлишини ҳам башорат қилган.

Виктор Ивановнинг сўнгги баёноти Украина можаросида Кремлнинг тутган ўрни юзасидан Ғарб ва Россия орасидаги алоқаларга жиддий путур етган, Ғарб томонидан киритилган устма-уст санкциялар Россия иқтисодига кескин зарба берган ва Россия халқаро саҳнада анчайин иҳоталаниб қолган бир манзарада кузатилмоқда.

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, Россия томонининг айнан ҳозир бу каби ташвишли баёнот билан чиқиши ортида гео-сиёсий ва сиёсий сабаблар мавжуд.

“Биласизми, бу ерда бир қанча саволлар бор. Чунки Виктор Ивановнинг айтаётган фикрлари бир аниқ, конкрет мисоллар билан тасдиқланаётгани йўқ. Бошқа томондан, дунёнинг қолган бошқа масъул ташкилотлари бу каби баёнотлар беришмаяпти. Умуман, бу – кутилмаган бир баёнот ва у келтираётган рақамлар ўта жиддий дейишимиз мумкин”, - дейди таҳлилчи.

"Гап шундаки, Россиянинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиси бўлган бир квартет шаклланганди. Яъни, Ғарб гео-сиёсатига қарши ёки ундан мустақил бўлган бир тўртлик шаклланганди. Бу - Эрон, Сурия, Нурий ал-Маликий бошқаруви давридаги Ироқ ҳукумати ва "Ҳизбуллоҳ" шиа ташкилоти. Улар ўтган 25 йил давомида Россиянинг минтақадаги доимий иттифоқчиси бўлиб келди. "Исломий Давлат" асосан ана шу квартетга раҳна солиш ёки зарба бериш учун пайдо бўлди. Россиянинг асосий ташвиши, бир томондан, ана шу тўртликни сақлаб қолиш. Кейин Сурияда президент Башар ал-Асад ҳукуматини асраб қолиш ва Яқин Шарқдаги ўзининг таъсир воситаларини, агар таъбир жоиз бўлса, парваришлаш", - дея ўз сўзларида давом этади у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Яқинда Британия Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти томонидан олиб борилган янги тадқиқот натижалари эса, “Исломий Давлат”нинг ҳозирги кунда дунёдаги энг бой жангари гуруҳ эканини кўрсатганди.

Агар, Қироллик Институти келтирган маълумотларга таянилса, Яқин Шарқда ўз исломий халифатига эга бу гуруҳнинг йиллик даромади қарийб 2 миллиард долларни ташкил қилади.

Аммо ўтган йил охирида эълон қилинган тадқиқот хулосасида “Исломий Давлат”нинг асосий даромад манбаси нефть контрабандаси экани айтилади.

Аён бўлишича, гуруҳ ўз назорати остида бўлган конлардаги нефтнинг ноқонуний савдосидан кунига қарийб бир миллион фойда олади.

“Исломий Давлат”нинг қолган даромадлари эса, Яқин Шарқдаги бойвачча ҳомийларининг эҳсонлари, гаровдаги одамлари учун олаётган товон пуллари, солиқ, жизья, турли жарималар, банкларни талаш ва қадимий осори-атиқаларни пуллашдан келади, дейди Британия Қироллик Институти.

Устига устак, худди шу ҳисоботда келтирилган бошқа маълумотлар ҳам Россиялик юқори мартабали мулозимнинг баёнотини шубҳа остига қўяди.

Янги тадқиқот хулосаларига таянилса, ҳатто, Толибон ҳаракатининг ўзи 400 миллионлик йиллик даромадининг фақат чорак фоизини гиёҳванд моддалар контрабандаси орқасидан топади.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Россия томонининг сўнгги баёноти “Исломий Давлат” гуруҳи Афғонистонга бевосита қўшни Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солган, бу ҳар икки давлатдан ҳам собиқ толиблар ҳисобига юзлаб янги жангарилар ёллашга улгурган, ўз истеҳкомлари ва базаларини яратиш ҳаракатида бўлган бир манзарада кузатилмоқда.

Устига устак, “Исломий Давлат” ўзининг илк жангарилари ва Афғонистондаги биринчи лидерини Афғонистонда энг кўп героин ишлаб чиқарилувчи иккита вилоятдан бири бўлган жанубий Ҳелманддан ёллагани ҳам бор гап.

Лекин, шунда ҳам, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича, бир миллиард доллар даромад кўра оладиган даражада гиёҳванд моддалар транзитини йўлга қўйиш жуда катта миқдордаги ресурсларни талаб қилади.

“Исломий Давлат”да бир томондан, Афғонистонда мана шунча героин ишлаб чиқариш, бошқа тарафдан, уни Ироқ (чунки сўз катта миқдордаги гиёҳванд моддалар ҳақида кетаяпти) ва шундан сўнг, Оврўпога келтириш салоҳияти йўқ, деб ўйлайман”, - дейди таҳлилчи.

Суҳбатдошимизга кўра, устига устак, қўлида нефти бўлгани учун ҳам, “Исломий Давлат” гуруҳи жорий пайтда бирор бир жиддий молиявий муаммоларга ҳам тўқнаш келиб тургани йўқ.

“Исломий Давлат” ташкилотининг асосий даромад манбаи – бугунги кунда нефть. Нефтни, айтайлик, қора бозорда ёки бошқа йўллар билан сотиш имкониятлари жуда ҳам осон ва кенг. Лекин наркотик моддаларни Афғонистон Ироққа, Ироқдан Оврўпога етказиш, бу – ҳаттоки, Ғарбнинг махсус хизматлари ва у ердаги мафия гуруҳлари билан алоқалар бўлишини тақозо қилади. Лекин “Исломий Давлат”да бундай алоқалар бор деб ўйламайман”, - дея ўз суҳбатига якун ясайди таҳлилчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи petrovka38.ru

Эслатиб ўтиш жоиз, шу йил бошида "Исломий Давлат" билан бирга Суриядаги "Жабҳат ал-Нусра ли-Аҳл аш-Шом" ҳам Россия Олий маҳкамаси томонидан террорчи ташкилот, деб эълон қилинган. Ҳар икки гуруҳнинг фаолияти Россияда расман тақиқланган.

Худди шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, Россия - бу икки гуруҳни "террорчи", деб эълон қилган биринчи МДҲ давлати бўлади.

Жорий пайтда бу мутаассиб жиҳодий гуруҳ аъзоларининг сони 30 мингдан ортиши ва улар сафларида дунёнинг деярли ҳар бурчагидан жанг қилиш учун келаётган инсонларнинг борликлари айтилади.

Россия Аксилтеррор Миллий қўмитасининг яқинда эълон қилган маълумотларига таянилса, шу кунларда 800 дан 1500 тагача россиялик “Исломий Давлат” гуруҳи сафларида жанг қилаётган бўлиши мумкин.

Яқинда Россия ва Ўзбекистон олиймақом музокаралари якунида Владимир Путин билан матбуот брифингида гапирган Президент Каримов "Исломий Давлат" гуруҳи аллақачон Афғонистонга сизиб кираётгани ва мавжуд вазият тегишли чоралар кўришни тақозо этишини баён қилганди. Унинг бу сўзларига Россия президенти ҳам қўшилганди.

Ҳар икки давлат раҳбари Афғонистондаги вазият Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан ҳам ошкора ва расман ўз хавотирларини изҳор этишганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ