Париж ҳужумларига алоқадорлик гумони билан тўрт киши ҳибсга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тарғибот видеосига тушган Кулибали полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Франция полицияси хабар қилишича, 17 инсон ўлимига олиб келган Париждаги Charlie Hebdo ҳажвий журнал таҳририяти ва яҳудийлар супермаркетига ҳужумларга алоқадор деб кўрилган тўрт шахс ҳибсга олинган.

Полициячи аёл ва яна уч кишининг яҳудийлар супермаркетига ҳужум қилган Амеди Кулибалига алоқаси бўлган, деб ишонилмоқда.

Гумонланаётган шахслардан бирининг номи Амар деб тақдим қилинмоқда.

Гиёҳванд моддалар билан боғлиқлиги учун Амар январ ойида ҳибсга олинган ва ўшандан буён ҳибсда сақланмоқда.

Бироқ унинг мобил телефонидаги маълумотларни ўрганган терговчилар айтишича, супермаркетга ҳужумдан олдин Амар дўкон атрофида бўлган.

Амар Кулибалига яқин бўлган ва ҳужумда унга кўмаклашган бўлиши мумкин, деган фикрдалар терговчилар.

9 март куни тўрт шахс расман тергов остига олингани хабар қилинган.

Хабар қилинишича, Амарнинг хуштори полициячи бўлган.

У аёл Исломни қабул қилган.

Бу аёлнинг Париждан ташқаридаги полиция истиҳборот хизматида ишлагани айтилмоқда.

Январ ойидаги ҳужумлардан кейин полиция Амарга тааллуқли ҳужжат тўплаган, аёл эса бу досьени Амарнинг ўзига жўнатган, деб кўрилмоқда.

Ҳозирга келиб Амарнинг хуштори полициядан четлатилган.

Би-би-сининг Париждаги мухбири хабар қилишича, ҳозирги пайтда Амеди Кулибали ва ака-ука Саид ва Шериф Қуашийларга ёрдам берганлик гумони билан олти шахс устидан тергов олиб борилмоқда.

Ака-ука Саид ва Шериф Қуашийлар 7 январ куни Charlie Hebdo ҳажвий журнали таҳририятига ҳужум қилган ва 12 кишини отиб ўлдирган эди.

Эртаси куни Амеди Кулибали Париж жанубидаги бир полициячи аёлни отиб ўлдирган ва 9 январ куни яҳудийлар супермаркетига ҳужум қилган.

У дўконда тўрт кишини ўлдирган.

Супермаркет ишғоли пайти полиция Амеди Кулибалини отиб ўлдирган.

Полиция билан отишма пайти ака-ука Саид ва Шериф Қуашийлар ҳам ўлдирилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ