Украина президенти: исёнчилар оғир қуролларини олиб чиққанлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Украина Президенти Пётр Порошенко айтишича, мамлакат шарқидаги россияпараст исёнчилар оғир қуролларининг муҳим қисмини жабҳа чизиғидан олиб чиқиб кетганлар.

Телевидениега гапирган жаноб Порошенко сўзларига кўра, Украина ҳукумат кучлари ҳам ўзларининг ракета ва оғир артиллерия тизимларининг аксар қисмини олиб чиққанлар.

Феврал ойидаги оташкесим келишувига биноан икки томон ҳам март ойининг бошида фронт чизиғидан оғир қуролларини олиб кетишлари лозим эди.

Тўқнашувлар юз бериб турганига қарамасдан, афтидан оташкесимга риоя қилинаяпти.

Икки томон ҳам душман тарафни ўт очишни тўхтатиш келишувини бузишда ёки қўшинларини бир жойдан иккинчи жойга тўплашда айблаб келмоқда.

Украина шарқидаги Донецк ва Луганск ҳудудларида ўтган йилнинг апрелида бошланиб кетган қуролли тўқнашувлар оқибатида камида 6000 инсон ҳалок бўлган ва бир миллиондан зиёд аҳоли ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлганлар.

Бир йил олдинги ҳодисалардан буён илк бор Россия Президенти Владимир Путин Украина таркибидаги Қрим ярим оролини Россияга аннексия қилиш буйруғини Қрим референдумидан илгари берганини тан олган.

Қримда референдум 18 март ўтказилгани хабар қилинган, унда аҳоли ҳудуднинг Россияга таркибига қўшиб олинишини маъқуллаб овоз бергани эълон қилинган.

Россия Қримни аннексия қилгани халқаро миқёсда қораланиб келади.

Телевидениега гапирган Россия Президенти Владимир Путин “Қримни қайтариш”га 22 феврал тунида эрталабгача давом этган мажлисда буйруқ берганини айтган.

Бу мажлисга Украинанинг россияпараст президенти Виктор Януковичнинг ҳокимиятдан ағдарилгани сабаб бўлган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ