Доғистонда Оврўподаги энг йирик масжид қурилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Хабарларга кўра, янги масжид Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) номи билан аталади ва Доғистон халқининг хайрия пуллари эвазига бунёд этилади.

Устига устак, янги масжид Махачқалъа ва Каспийск шаҳарлари ўртасидаги Оврўпода энг йириги бўлган исломий марказ ҳудудида қад ростлайди.

Янги масжидда бирваракайига 50.000 намозхон ўз тоат-ибодатини адо эта олади.

Бу ҳақда Россиянинг “РИА-Новости” ахборот агентлигига доғистонлик диний қўмита масъуллари билдиришган.

Расмий хабарларга кўра, янги исломий марказ 20 гектар майдонни эгаллайди.

Янги мажмуадан Оврўподаги энг йирик масжиддан ташқари, республика муфтияти биноси, Доғистон ва Ислом музейлари, Ислом университети, мадраса, бошқа диний идоралар ва маиший объектлар ҳам ўрин эгаллайди.

Янги исломий марказнинг, шунингдек, ерости йўллари, машиналар учун ерости хиёбонлари ва гулзорлари ҳам бўлади.

Доғистонлик масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, янги масжидга Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ва янги исломий марказга Исо пайғамбар алайҳиссалом номлари берилади.

Янги масжиднинг қурилишига эса, аллақачон хайрия йиғиш ишлари ҳам бошлаб юборилган.

Аммо расмий хабарларда янги исломий мажмуани қуриш ишларига аниқ қачон киришилиши ва унинг қанча давом этиши ҳақида тафсилотлар келтирилмаган.

Худди шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, Доғистон Россиянинг энг беқарор жанубий минтақаларидан бири саналади.

Бундан аввал, яъни 2008 йилда Доғистонга қўшни Чеченистонда Россиядаги энг йирик ва Оврўподаги энг катталаридан бири сифатида ҳам эътироф этилган масжид қурилган.

Рамзан Қодировнинг отаси, Чеченистон марҳум президенти Аҳмат Қодиров шарафига унинг номи билан аталган масжидда бир вақтнинг ўзида 10 минг киши намоз ўқий олади.

Масжид 14 гектарлик майдонни эгаллаган "Чеченистон юраги" мажмуасининг бир қисми ҳисобланади.

Ушбу мажмуадан, масжиддан ташқари, Ислом университети, Диний ишлар бўйича қўмитаси, мадраса, Исломий кутубхона ва талабалар учун ётоқхона ҳам ўрин олган.

Масжидни фойдаланишга топширилишидан сал аввал бориб кўрган президент Владимир Путин, "у билан нафақат чечен халқи ва мусулмонлари, балки бутун Россия мусулмонлари ғурурланишса, арзиши"ни айтганди.

Ўтган йили 'Чеченистон юраги' масжиди Россиянинг рамзи деб ҳам тан олинганди.

2003 йилда Лондон жанубида фойдаланишга топширилган “Байтул Футух” масжиди эса, ғарбий Оврўподаги энг йириги саналади.

Британиядаги Аҳмадия мусулмонлари жамоаси томонидан молияланган ва қурилиш ишлари 15 миллион фунт стерлингга тушган ушбу масжид 21-асрнинг исломий маркази, деган таърифларга ҳам сазовор бўлганди.

Аммо бу масжид ҳам Чеченистондагиси каби 10.000 намозхонга мўлжалланган, холос.

Ўтган йили эса, Каталония Мусулмонлари Уюшмаси Қатар амири анъанавий буқалар жанги уюштирилиб келинган “Plaza Monumental” ўрнида Оврўподаги энг йирик масжид барпо этиш режасида эканини маълум қилганди.

Британиянинг қатор нуфузли нашрларида ушбу лойиҳанинг қиймати 2.2 миллиард евро экани ҳақида ҳам ёзилганди.

Беш йилда қуриб битказилиши кўзда тутилаётган янги масжиднинг 40.000 намозхонни сиғдира олиши ҳам айтилганди.

Аммо Қатар амирининг янги режаси каталониялик айрим расмийларнинг қаршилигига ҳам учраган, янги режанинг тақдири қандай якун топгани борасида эса, ҳозирча аниқ бир маълумот йўқ.

Жорий пайтда эса, 25.000 намозхонга мўлжалланган Туркиядаги “Султон Аҳмад” Жомеъ масжиди Оврўподаги энг йириги саналади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ