"Одамлар молларини қутқариш учун оловга қараб чопишди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шанба Татаристонда "Адмирал" савдо марказидаги ёнғинда ҳалок бўлганлар хотирасига мотам куни деб эълон қилинди.

Масжид ва черковларда марҳумлар ҳаққига дуолар ўқилмоқда.

Савдо марказининг вайроналари остидан жами 17 жасад топилган, улардан 10 тасининг шахси аниқлангани айтилмоқда.

Ёнғинга гувоҳ бўлганлардан бири савдо маркази рўпарасида яшовчи қозонлик блоггер Александр Уразов тижоратчилар молларини сақлаб қолиш учун олов домига қараб югуришгани, бино ичкарисига қўймаган полициячи ва ёнғин ўчирувчилар билан жанжаллашганларидан ҳайратланганини ёзади.

"Олов осмонга ўрлайди, одамлар эса ҳеч бир қўрқувсиз хитой жинсилари, синтетик пардалар ва ички кийимларни олиб чиқиш учун ичкарига югуришди. Албатта, кўпчиликда қарз ва кредитлар бор. Лекин ҳаёт улардан кўра қадрлику?", дейди у.

Жабрланганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Али Усмонов Қозон бозорида оёқ кийимларини сотиш билан шуғулланган. Бу билан иккинчи марта унинг молларига ўт тушиши. 2,5 миллион рубл қарзи бор.

"Бундан олдин "Новая Тура" савдо марказида товарларим ёниб кетганди. Мен яна кредит олиб "Адмирал"га келгандим. Директор икки ой арендани қисқартирди. Лекин яна мана бу! Ҳатто ҳужжатларим бўлган сумкамни олишга улгурмадим. Мана шу курткам билан қолдим",- дейди у эгнини кўрсатиб.- "Бугун банкка қўнғироқ қилдим. Ҳеч қандай енгиллик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Нима учун бундай жазо! Қандай яшаш, қаерга бориш, нима қилиш керак энди?".

Айтилишича, ёнғин биринчи қаватдаги қаҳвахонадан бошланган. 11 март 12:54 да ёнғин ҳақида хабар берилган бўлса, кечга бориб ўчирилгани айтилади. Бутун Қозон осмонини улкан тутунлар қоплаган. Саноқли дақиқалар ичида 4 минг квадрат метр жойни олов қоплаб олди. Бир соатдан сўнг том қулаб, бино вайрон бўлди, деб айтади гувоҳлар.

650 га яқин киши эвакуация қилинган, шифокорларга мурожаат қилган 200 дан ортиқ кишининг 13 таси ис газидан заҳарланган ва куйган.

Бино қулаб тушиб, вайроналар остида одамлар қолгани аён бўлгач, оломон бир неча лаҳза сўзсиз қолди, сўнгра ҳамма ёқни йиғи товушлари эгаллади.

Ойгул Исломованинг қизи ҳар куни мактабга кетаётиб, савдо марказидан егулик сотиб олган. Ёнғин ҳақида эшитгач, онаси қизига телефон қилиб жавоб ололмагач, майдонга қараб чопади. Бахтига, қизи фожеадан ярим соат олдин чиқиб кетган экан.

Лекин вайроналар остида қолганларнинг яқинлари ёрдам сўраб илтимос қилишарди. Кимдир йиқилиб тушган, кимдир орада қолиб кетган", дея тасвирлайди Би-би-си мухбири.

Аёллар кийими, ёқалик пўстинлар билан савдо қилувчи Лилия Черникова "ёнғин фақат бир томонда бўлганди, кейин қаттиқ овоз чиқди ва олов тезликда бошқа бинога ўтиб кетди", дейди.

Лилия ва унинг ёрдамчиси молларинии қутқаришга ҳаракат қилишади, кейин тутун ва олов оралаб югуришган. Лилия ташқарига чиққанда ёрдамчисини топа олмаганини айтади.

Вайроналар орасидан фавқулодда хизмат подполковниги Сергей Костиннинг жасади топилади. Бино қулаётганини кўриб, ташқарига биринчи бўлиб ёрдамчиларини чиқаради, ўзи чиқмоқчи бўлганда том босиб қолади.

Татаристон ҳукумати ҳалок бўлганларга 1 миллион рубл, жароҳат олганларга 200-400 минг рубл товон пули беришни ваъда қилган. Бироқ ёрдам фақат Россия фуқароларига берилади, рўйхатда озарбайжонлик, ўзбекистонлик ва туркманистон ва тожикистонлик фуқаролар ҳам бор, улар товон пули олишолмайди.

Москвадаги ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, ҳалок бўлганлар орасида қашқадарёлик ва сурхондарёлик тужжор йигитлар бўлишган. Уларнинг жасадларини ватанларига қайтариш учун ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари пул йиғаяптилар.

Сув етишмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи MCHS

"Адмирал" 2011 йил очилган. Ҳодисага ёнғин ўчириш тизимининг носозлиги сабаб бўлган. Бироқ тадбиркорлар буни рад қилмоқдалар. Ҳар бир бурчакда ёнғин ўчириш воситалари борлигини айтишади.

Шунингдек, ўша куни бутун туманда сув даражаси паст бўлган. Ёнғинни тикучарлар орқали ўчиришга тўғри келган.

Бу билан Қозонда учинчи кийим-кечак бозорининг ёнишидир. Илгариги ёнғинларда қурбонлар бўлмаган.

Айни пайтда арендачилар вакиллари шаҳар расмийлари билан учрашганлар, уларга янги жой ваъда қилинган. Лекин ҳамма тижоратчилар пулсиз қолишган.

Адмирал вайроналари ўрнида уч сменада қидирув, тозалаш ишлари кетмоқда. Бедарак йўқолганлар қидирилмоқда.

Шунингдек, суриштирув идораларига кўра, ёнғин қассддан содир этилган бўлиши ҳам мумкин.

Савдо маркази учун масъул Гусейн Қаҳрамонов 11 майгача ҳибсда қолдирилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ