Путин: "Украинадаги давлат тўнтариши АҚШ иштирокида амалга оширилган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Россиянинг Қримни аннексия қилишида асосий мақсад қон тўкилишининг олдини олиш бўлган".

Россия Президенти Владимир Путин фикрича, ўтган йил Киевда ҳукумат ўзгариши орқасида Қўшма Штатлар турган.

"Расман олганда мухолифатни энг аввало оврўполиклар дастаклашди, лекин асл қўғирчоқбозлар америкалик ҳамкорлар ва дўстларимиз эканини жуда яхши тушунган, билган эдик. Миллатчиларни тайёрлашда улар ёрдам беришди, жанговар гуруҳлар тузишни улар қувватлашди",- дейди Путин "Крым. Путь на Родину" филмида.

Ҳужжатли филм Қрим аннексиясининг бир йиллиги муносабати билан намойиш этилган.

Путин сўзларига қараганда, "жанговар гуруҳлар тайёргарлиги" Польша ва Литва давлатлари ҳудудларида ўтказилган.

"Бизнинг ҳамкорларимиз қандай йўл тутдилар? Давлат тўнтаришини амалга оширишга ёрдам бердилар. Яъни, куч ишлатиш йўлидан ҳаракатларини бошладилар. Мен бошқаришда бу энг мақбул йўл деб билмайман", - деб қайд этади Путин.

Шунингдек, у Россиянинг Қримни аннексия қилишида асосий мақсад қон тўкилишининг олдини олиш бўлганини айтади.

"Қрим аҳолисининг этник таркибидан келиб чиқиладиган бўлсак, аминман, у ерда Майдондан ҳам баттарроқ бўлар эди. Биз воқеаларнинг бу тарзда тус олишига қарши аниқ чоралар кўришга мажбур эдик. Кейинроқ Оддессада ўйналган фожеалар- одамларнинг тириклайин ёқиб юборилиши каби воқеалар Қримда ҳам содир бўлиши мумкин эди. Қон тўкилишига йўл қўйишимиз умуман мумкин эмас эди", дейди жаноб Путин "Россия1" телеканали орқали 15 мартда намойиш қилинган филмда.

Владимир Путин "Қримга кириш" фикри Украинада ҳокимиятни эгаллаб олинишига қадар бўлмаганини таъкидлайди, Майдон воқеалари орқасидан Киевда ҳукумат ўзгаришини назарда тутаркан.

"Биз у ерда яшаётган инсонлар ҳаётини тақдир ҳукмига, миллатчилар қўлига ташлаб қўя олмас эдик. Шунда мен аниқ вазифаларни қўйдим ва нима ва қандай йўл тутишимиз лозим? Лекин алоҳида таъкидладимки, биз буни Қримдаги инсонлар ҳам хоҳлашига бутунлай амин бўлсаккина бажара оламиз деб", - дейди Путин филмдаги изоҳида.

Бундан олдин ""Крым. Путь на Родину" филмидан кичик лавҳада Путин Қримни қўшиб олиниш қарори тор доирада, 23 феврал, Сочи Олимпиадаси ёпилиши олдидан берилганини айтганди. Мен барча ҳамкасбларимига айтдимки, Украинадаги вазият шу даражага келдики, биз Қримни Россия таркибига қайтариш ҳаракатини бошлашга мажбурмиз. Чунки у ердаги халқни миллатчилар оёғи остига ташлаб қўя олмаймиз".

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Россия Президенти Қримга ташланган махсус кучлар режадаги аскарлар сонига ҳам етмаганини айтади.

Бундан ташқари Путин Федерация Кегашининг Украинага қўшин киритишга рухсатидан фойдаланмагани, Қримдаги Қора Денгиз флоти таркиби гўё кучайтирилмаганини айтиб ўтади.

"Ҳатто Федерал Кенгашнинг Украинага қўшин киритишга рухсатидан фойдаланиш эҳтиёжи бўлмади. Халқаро келишувга биноан Қримдаги ҳарбий базамизда 20 минг кишини сақлаш ҳуқуқимиз бор. Ҳатто биз қўшинларни оширганимизда ҳам 20 мингга етгани йўқ", деб қўшимча қилади Путин.

Россия 2014 йил 15 мартда Қримни ўз таркибига қўшишни қримликлар иродаси билан изоҳлаган.

18 мартда Кремлда маъруза қилган Президент Путин Россиянинг Қрим борасидаги амалларини оқлаган.

Россия сиёсий раҳбарияти олдида гапирган Владимир Путин Қримни 1954 йилда Украинага бериш хато бўлган, деб айтган. Бироқ Россия Украинани бўлиб ташлашни хоҳламайди, деганди.

Президент Путин нутқидан кейин Крим билан Севастополни Россия Федерациясининг субъектлари деб қабул килиш ҳақидаги шартнома имзоланган эди.

Қрим аннексияси ортидан АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Россияга қарши жазо чораларини киритди ва Қрим ҳеч қачон Россияники деб тан олинмаслигини билдирди.

Россиянинг яқин ҳамкори Хитой эса Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ёқласада, Қрим масаласи музокаралар орқали ҳал қилиниши керак, дейди.

"Украина инқирози дунёдаги геополитик вазиятни мураккаблаштирди ва дунё иқтисоди ривожланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатди", дейди Хитой Давлат Кенгаши вакили Ли Кэцян Пекиндаги анжуманда.

"Вазият музокаралар ва маслаҳатлар йўли билан ҳал қилинишига умид қиламиз. Қрим муаммосининг сабаблари мураккаб. Ўйлаймизки, қўшнилар ўзаро тил топишиб, тинчликка эришадилар".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ